Депутатнинг ён дафтаридаги мурожаатлар энди шунчаки қолиб кетмайди

02.02.2021 11:02:30

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов аҳоли билан ўзаро мулоқот ўтказиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига ташриф буюрди. Дастлабки манзил эса 1-умумтаълим мактаби бўлди. Партиянинг туман Кенгаши раиси, туман халқ таълими бўлими вакиллари билан ҳамрохликда  ўқув масканидаги таълим-тарбия жараёнлари, педагогларнинг дарс ўтиш технологиялари ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишган депутат эришилган ютуқлардан ташқари ўз ечимини кутаётган масалалар билан ҳам қизиқди.  Яъни, қишнинг совуқ кунлари хали тугамаганлигини инобатга олган холда мактаб биносини иситиш билан боғлиқ имкониятлар ўрганилди. Натижада бинони тўла иситишнинг имкони бўлмаётганлиги аён бўлди. Газ босимининг пастлиги сабабли синф хоналарини бир хил ҳароратда иситишнинг имкони бўлмаётган экан. Шу сабабли депутатнинг ён дафтаридан мазкур таълим масканидаги иссиқлик тизимини тўлиқ ишлатиш билан боғлиқ масалага ечим топиш биринчилардан қилиб белгилаб олинди.

    Кейинги манзил эса туманнинг «Шодлик» маҳалласидаги 7-сонли МТТ бўлди. Туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Барно Султонова ҳамрохилигидаги ўрганишлар жараёнида муассасада йўлга қўйилган таълим-тарбия жараёнлари эътибор марказида бўлди. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг тўғри овқатланиши билан боғлиқ низомларга амал қилиниши ҳам депутатлик назоратидан четда қолмади. Муассасада барча шароитлар яратилганлиги аниқ бўлгач ишчи-ходимлар билан ўтказилган суҳбатларда ўз ечимини кутаётган масалалар ҳақида сўралди. Маълум бўлишича, болажонлар ҳар куни МТТга ташриф буюришда бир муаммога дуч келар экан. Муассасага олиб келувчи йўл таъмирталаб аҳволда. Бу эса болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан бир қаторда муассаса ишчи ходимлари учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда экан. Депутат Иномжон Қудратов томонидан мазкур масала ечими ҳам назоратга олиниб, тегишли мутассадилар жалб қилинадиган бўлди.

    Аҳоли билан мулоқотлар туман ҳокимлиги биносида давом эттирилди. Туманнинг «Навоий», «Марказ», «Ифтихор», «Сармич» ва «Маданият» маҳаллаларидан ташриф буюрган фуқароларнинг мурожаатлари туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Қўшоқов бошчилигидаги мутассадилар билан биргаликда бирма-бир эшитилди. Ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларнинг банклардан кредитлар олиши, вақтинча ишсизларнинг ишга жойлашиши, деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларнинг ер олиши билан боғлиқ қатор масалалар мурожаатларда ифода топди. Тегишлилиги бўйича масъуллар билан келишилган ҳолда ҳар бир мурожаат эгасининг сўрови қаноатлантириладиган бўлди. Энг муҳими вақт талаб қилиш билан эмас, балки шу куннинг ўзидаёқ мурожаатларга ечим топиладиган бўлди.

    Туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар салмоғи билан танишиш мақсадида депутат Иномжон Қудратов куннинг иккинчи ярмида марказий шифохонага ҳам ташриф буюрди. Бу ерда депутатни бош шифокор кутиб олди ва тиббиёт масканида аҳолига яратилган шароитлар билан таништирди. Депутат томонидан дастлаб мазкур шифохонада партиянинг ташаббуси билан ташкил этилган «ақлли тиббиёт» тизими ўрганиб чиқилди. Электрон тузилма асосида ишлаш талаб этиладиган ушбу  тизимда ҳозирда айрим масалалар борасида тиббиёт ходимлари учун компьютерлар етишмаётганлиги  аниқланди. Шунингдек, интернет тармоғи билан тўла таъминланмаганлиги «ақлли тиббиёт»дан фойдаланишда имкониятларни чеклаб қўяётганлиги маълум қилинди. Яна бир масала шифокорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Ташхис қўйишда энг муҳим босқич бўлган қон таҳлилларини ўтказиш учун зарур тиббий техникалар ва асбоб-ускуналарга эҳтиёж бор. Шифохонанинг жонлантириш бўлимида ҳам техника ва беморлар учун қўшимча ўринларни ташкил қилишга зарурат туғилмоқда экан. Шифокрлар ва тиббиёт ходимларининг етишмаслиги ҳам алоҳида тилга олиниб, туманда болалар шифокорига талаб юқори эканлиги хал қилиниши зарур бўлган масала сифатида депутатга маълум қилинди.

   Шу каби масалаларни Республика миқёсида хал қилишга эришиш, туман аҳолисининг мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш ва Президентимиз томонидан парламентга қилинган мурожаатномада кўрсатилган вазифалар   ижросини кенг тарғиб қилишда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадидаги мулоқотлар давом этди. Халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутатлари билан ўтказилган учрашувда асосий эътибор мурожаатномада илгари сурилган мақсад ва вазифалар, унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш борасидаги самарали чораларга қаратилди. Маърузалардан ҳоли ўзаро мулоқот тарзида ўтган учрашувда депутатлар ўз таклифлари, амалга ошираётган депутатлик фаолияти ва аҳоли билан ишлашда йўлга қўйилган самарали йўналишлар муҳокамалар марказида бўлди. Бир сўз билан айтганда туман, вилоят миқёсида хал қилиниши мумкин бўлмаган баъзи бир масалалар Республика миқёсида депутат Иномжон Қудратовнинг ташаббуси билан тегишлилиги бўйича йўналтириладиган энг муҳими депутатнинг ён дафтарига битилган мурожаатлар шунчаки саҳифаларда қолиб кетмаган ҳолда амалиётда ўз ечимини топадиган бўлди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+