Диллардан байрам шукуҳи аримади

04.09.2019 16:09:50

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан вилоят ахборот-ресурс марказида мамлакамитиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, партия фаоллари, депутатлар иштирок этди.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Р.Хайитов кириш сўзи билан очиб, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу қутлуғ айёмни муносиб нишонлаш ҳамда унинг моҳияти ва аҳамиятини тарғибот этишда дастуриламал бўлганлигини таъкидлади.

Истиқлолга эришилгандан сўнг барча соҳа ва тармоқларида туб бурилиш бўлиб, мамлакатимиз жаҳон харитасидан муносиб ўрин эгаллади. Инсон манфаатлари йўлида амалга оширилган ислоҳотлар юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Миллий қадриятларимиз, миллий ўзликни англаш ҳар бир юртдошимиз онгида тобора юксалиб, кексаларимиз бугунги дориломон кунларга шукроналар айтмоқда.  Не не буюк алломалар, олиму-мутафаккирлар орзиқиб кутган мустақил ва озод Ватанимиз, жаннатмакон юртимиз билан ҳар биримиз фахрлансак арзийди, албатта.

Қарор билан бу йилги маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот тадбирлари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда. Бу йилги шиоримиз, энг аввало, ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанимизга бўлган чексиз садоқатни, мустақилликдек буюк ва олий қадриятни ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятлидир.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Президентимиз томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш ташаббуси асосида амалга оширилаётган режа ва дастурлар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини буткул ўзгартириб, халқимизнинг эътирофига сазовор бўлаётир. Хусусан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида чекка қишлоқларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифати юксалиб бормоқда. Дастур доирасида мактаблар, боғчалар, кишлоқ врачлик пунктлари, аҳоли хонадонлари, ички йўллар қайта қурилиб, янги чирой очаётганлиги юртдошларимизда фахр ифтихор туйғусини оширмоқда. Арзон уй-жойларнинг барпо этилаётганлиги  кўплаб оилаларга чексиз қувонч бағишлаб, жамиятимизда тинчлик ва осудаликни мустаҳкамламоқда.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида аҳолига берилаётган микрокредитлар эвазига қишлоқларда кичик тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши, хусусан, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорва моллари етиштириш, боғдорчилик, ҳунармандчилик қўшимча даромад манбаи бўлмоқда. Аҳоли бандлиги таъминланиб, уй-рўзғорига барака келмоқда.

Тадбирда таълим тизимида олиб борилган туб ислоҳотлар, ўн бир йиллик умумтаълим мактабларининг жорий этилиши, чекка қишлоқларда мактабгача таълим муассалари очилаётганлиги ёш авлоднинг ҳар томонлама билимли, комил инсон бўлиб етишишига хизмат қилаётганлиги эътироф этилди.  

Истиқлол тантаналари арафасида бу йил ҳам анъанавий “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида она Ватан”, “Ватан учун яшайлик” анъанавий танловларининг ўтказилаётганлиги кўплаб истеъдод эгаларини кашф этмоқда. Бундай лойиҳалар байрам шукуҳини улашиш билан бир қаторда истиқлолнинг моҳиятини, халқимиз турмушидаги ўрни ва аҳамиятини теран англашга, ёш авлодда Ватанимизга бўлган садоқат туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.   

Байрам тадбирида ўзаро савол-жавоблар бўлиб, иштирокчилар истиқлол учун яқин тарихимизда бўлган воқеалар билан бугунги дориломон кунларни қиёслаб, уни қадрлаш, берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаравонлиги учун ўз ҳиссамизни қўшишга ундади.  

Нуриддин РАЖАБОВ,

“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+