Дилларга хуш кайфият улашган сайл

24.09.2019 18:09:39

Куни кеча “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партия ғоялари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка  етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ҳисса қўшиш мақсадида  ўтказилган   “Адолат” сайли ёшлар учун унутилмас воқеаларга бой бўлди.

Сайлда партия вакиллари томонидан қайд этилганидек, ёшлар келажагимиз бунёдкори сифатида мамлакатимизда уларнинг пухта билим эгаллаши, ҳар томонлама соғлом авлод бўлиб улғайиши учун муносиб шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Бугунги кунда дунёда фан ва технологиялар жадал ривожланиб бораётган бир шароитда инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда.  Бундай шароитда аҳолисининг салмоқли қисми ёшлардан ташкил топган мамлакатлар ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва пухта олиб боришни бирламчи вазифа, деб ҳисоблаши табиий.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида жойларда  амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари халқимиз, айниқса, ёшларнинг ижтимоий-маънавий ҳамда маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.

Ёшларни санъат ва маданият масканларига кенг жалб этиш ҳамда ёшлар маънавиятини юксалтириш ниҳоятда муҳимдир. Ана шундай муҳим ташаббусларни ҳаётга самарали татбиқ этишда нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари, балки ота-оналар ҳам фаоллик кўрсатишлари шарт.

Дунёда рўй  бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, фарзандлар камолоти учун давлатнинг яратаётган шарт-шароитларидан оқилона фойдаланишга фарзандларимизни йўналтирайлик. Шундагина ота-она учун энг катта бахт – фарзандлар камолотини кўриш барчамизга насиб этади.

Она Ватанимизнинг ишончини оқлаш, халқ хизматига ҳамиша шай туришни олий мақсад билиб вояга етаётган, шу йўлда тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганиб, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган болаларимиз халқимизнинг фахр-ифтихоридир.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган мазкур тадбир аввало ёш авлод онгига Ватанга содиқлик ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдиришга, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришда  етарли даражада ўз самарасини берди. 

Умид ШОУМАРОВ,

                                                                        Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+