Донорлик - ҳаёт учун беғараз туҳфа

11.12.2020 15:12:56

 

Бугунги кунда юртимизда донорликни, жумладан, беғараз донорликни ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, партиямиз томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида йилда икки маротаба кўнгилли донорларни кон топширишга жалб қилиш мақсадида беғараз донорлик акциялари ташкил этиб келинмоқда.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Уларнинг беғубор кулгулари, меҳри ва самимиятидан доимо қалбимиз завққа тўлган.  Ҳамиша масъум чеҳрасида табассум балқишини истаймиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган  акция  бемор, меҳр ва мурувватга муҳтож бўлган болажонларга, ватандошларимизга тиббий кўмак беришни кўзда тутади.  Бу йил ҳам вилоят қон қуйиш марказида  ўтказилган акцияда кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.

Партия ташаббуси билан ташкил этилган ушбу акция менда ҳам катта таассурот уйғотди, ижтимоий тармоқлар орқали мен ҳам ўз яқинларим, дўстларимни акцияда фаол иштирок этишга чақирдим. Беғараз донорлар ишчи, ўқитувчи, шифокор, тадбиркор ёки уй бекаси бўладими — ихтиёрий равишда беминнат ўз қонини топшириб, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб қилмайдиган саховатли, хайрли ишлари билан барчага ҳаёт улашувчи чинакам қаҳрамонлардир. Улар нотаниш беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз юрак ҳароратини қони билан бирга беради. Оғир хасталикка дучор бўлган болалар соғайиб, ҳаётга қайтишига умид уйғотади, саломатлигини тиклашга ёрдам беради.

Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб  қилишга янада кучлироқ ундайди. Давлатимиз томонидан қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга тизимли татбиқ этилмоқда.

Албатта, партия электорати  ва  фаолларининг  мазкур соҳа фаолиятини самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши янада муҳим.  Бу ўринда тарғибот ишлари билан бирга,  партия фаолларининг кўнгилли донорлар  қаторида бўлишлари эса ибратлидир.

Асилбек ГИЯСОВ,

партия аъзоси, кўнгилли донор

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+