Дори воситаларини арзон нархларда харид қилиш имконияти яратилади

26.11.2019 13:11:01

Нарпай туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди. “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда тиббиёт ходимлари, ёшлар, партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Мустаҳкам саломатликка эга инсонгина ўзини бахтли ҳис қилади. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича давлат раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш билан бирга аҳолини сифатли ҳамда арзон дори воситалари билан таъминлашни яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Митингда иштирокчилар томонидан соҳада олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда камчиликлар ҳамон мавжудлиги, аҳолини сифатли дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлаш, қалбакилаштирилган дори воситалари сотувига чек қўйиш каби масалалар ҳамон долзарб масала бўлиб келаётганлиги, дорихоналарда дори воситалари нархлари турлича эканлиги, баъзилари эса кескин тафовут билан фарқланиши сабаб халқ бундан қийналаётганлигини, дори воситалари нархлари барқарорлашмас экан, бу мудом аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб қолавериши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, дориларнинг ноқонуний айланиши, сифатсиз дори воситаларининг дорихоналарда шифокор рецептисиз сотилиши натижасида дорилардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраётганлиги соҳа ходимлари томонидан қайд этилди.

Партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов бу борада партия олдида муҳим вазифалар турганини, айнан партиянинг бу борада олиб бораётган ташвиқот ишлари, сайловолди дастурида илгари сураётган ғоялари ҳақида сўз юритар экан, бу ташаббуслар келгусида мамлакатимизда ушбу соҳадаги муаммоларини бартараф этишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Митингда таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бу борада партия фаоллари, сайланадиган депутатлари билан биргаликда дори-дармонлар рекламасини чеклаш, дори-дармонларнинг фақат шифокор рецепти асосида сотилишини йўлга қўйиш ҳамда сифатсиз дори воситаларининг рецептсиз сотилганлиги учун жавобгарликни ошириш, дориларнинг ноқонуний айланишининг олдини олишга қаратилган қонунчилик ташаббусини илгари суради. Аҳолини сифатли, арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Соҳани янада ривожлантириш эвазига маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда аҳолининг дори-дармон, тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш борасида тизимли ишларнинг амалга оширилиши учун ҳаракат қилинади. Мамлакатимизда ўсувчи гиёҳлар, доривор ўтлардан фойдаланиб, дори-дармон ишлаб чиқариш кенгайтирилишига хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши учун тавсиялар берилади.

Табиийки, шу тариқа ишлаб чиқарилган дори-дармон нархи ҳам паст бўлиб, сифати кафолатланади. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни анча арзон нархларда харид қилиш имконига эга бўлади. Дори воситаларининг сифати қатъий назоратда бўлиб, сифатсиз дори воситаларининг ишлаб чиқарилишига ва четдан юртимизга кириб келишига асло йўл қўйилмаслиги учун партия барча саъй-ҳаракатларни бажаришни зиммасига олганини эътироф этсак, арзийди.

“Адолат” СДПнинг мазкур ташаббус ва лойиҳалари барчани руҳлантириб юборди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари томонидан  намойиш этилган мусиқий чиқишлар  ҳамда саҳна кўринишлари тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+