Дунё нигоҳи ва эътирофи – “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри”да

17.09.2019 15:09:25

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ҳўқанди латиф кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзаро уйғунлаштириб, бир пайтнинг  ўзида ҳам шарқона  латофати, ҳам бугунги дунё тамаддунига ҳамоҳанг муҳташамлиги билан жаҳон ҳамжамиятини ўзига мафтун этмоқда.

Жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида илк бор катта тайёргарлик ва тантана билан ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик Фестивалига 70 дан ортиқ мамлакатлардан давлат ва жамоат арбоблари, маҳоратли ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, маданият ва санъат, театр соҳаси вакиллари иштирок этмоқдалар.

Президентимиз томонидан 2018 йил 1 ноябрда имзоланган “Халқаро ҳунармандчилик Фестивали  ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Қўқон шаҳрида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Айни жараёнда Қўқонга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақомининг берилиши муҳим воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шуни айтиш керакки, 2014 йилда таъсис этилган ушбу унвонга шу кунгача жаҳоннинг турли қитъаларидаги 35 та машҳур шаҳарлар сазовор бўлган.

Вилоятимизда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича тўрт минг нафарга яқин ҳунарманд фаолият олиб бормоқда. Шу жумладан Қўқон шаҳрида ҳунармадчиликнинг 30 га яқин турлари кенг ривожланган. Мозийга назар ташласак, бизнинг юртимизда ҳунармандчилик олис қадимдан тараққий этганини билиш мумкин. Ота-боболаримиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан фаол шуғулланганлар. Айнан Қўқон ҳунармандчилигининг ўзига хос тарихи, услуби, ўрни беқиёс. Ушбу фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши замирида жуда катта маъно мужассам.   Ушбу ҳунармандчилик фестивали яқин келажакда дунё миқёсида ўз ўрни ва нуфузини топиши шубҳасиздир.

Н.АКРАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

туманлараро ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+