Эҳтиёжманд оилага соғин сигир берилди

12.01.2021 16:01:48

Халқ  депутатлари  Тошкент вилояти Кенгаши депутати, "Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби" аъзоси Г.Ахмедова  ташаббуси билан  туманнинг “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги ва қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тушди. Унда асосан ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик учун кредит олиш, ёшлар масаласи ва коммунал соҳа билан боғлиқ мурожаатлар бўлиб, аксарияти жойида ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи  С.Пирманов 1- гуруҳ ногиронлиги,  уч  нафар  фарзандини ёлғиз тарбиялаётганлиги, битта соғинли сигир бўлса,  унинг сути, ёғи, қатиғи оилага, рўзғордан ортгани сотилса, оила  камини бутлашга имкон яратилиши ҳақида депутатга мурожаат қилди.

Оиланинг турмуш шароити мутассадилар билан ўрганилиб, албатта, ёрдам берилиши ваъда қилинди. Шу куниёқ барча зарурий ҳужжатлар тайёрланиб, туман хокимлигига тақдим этилди. Орадан қисқа вақт ўтиб, ҳокимлик томонидан берилган  сигир топширилди, фуқаронинг хонадонига депутат иштирокида элтиб берилди. Мурожаати тез фурсатда ижобий ечим топганидан  беҳад  қувонган С.Пирманов халқ вакилига  ўз миннатдорлигини билдирди.

— Очиғи, кутмаган эдим. Карантин вақтида ушбу эътибор оиламиз учун унутилмас совға ва биз учун айни вақтда жуда катта ёрдам бўлди,- дейди С.Пирманов қувончу миннатдорчилик ила.  — Кўрсатилган бу ёрдамдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Оилавий шароитимиз инобатга олиниб, бизга бир бош соғин сигир берилганидан хурсандман. Энди рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин бўладиган бўлди.

Жойларда давом этаётган бу каби сайёр қабулларда кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Депутатларнинг аҳоли билан юзма-юз учрашиб, одамлар муаммосини ўрганиши, уларга ечим топиши халқни рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+