Электоратимиз вакиллари манфаатдор ва миннатдор

12.09.2019 12:09:34

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 5 сентябрда қабул қилинган  “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси муҳим ҳужжатлардан биридир. Уларда халқ таълими тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини кенг қўллаш масалалари илгари сурилганлигини кўрамиз.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясида 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилганганлиги, ҳар бир электоратимиз вакилидан тортиб, депутатлик корпусимизгача юксак масъулият юклайди.    

Алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз таълим тизими ва ёш авлод кадрлари келажаги билан боғлиқ билдирилган фикрлар ҳеч бир партиядошимизни бефарқ қолдирмайди.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур” деган сўзлари нафақат соҳа вакиллари, балки кенг жамоатчиликга қарата айтилган фикрлар эканлигини ҳар бир юртдошимиз теран ҳис қилиши керак.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг амалдаги сайловолди дастури ва янги сайловолди дастури лойиҳасида ҳам таълим соҳасини ислоҳ қилиш, замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласи устувор аҳамият касб этади.

Мактабгача таълим муассасаларидан тортиб умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус билим юртларидаги таълим сифатини ошириш, ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларини қарор топтириш, таълим жараёнида инновацион технологияларни кенг жорий этиш каби аниқ йўналтирилган мақсадларни илгари суриб келмоқдамиз.

Партиямиз электоратининг асосини эса юқори малакали мутахассислар, педагоглар, муҳандис-техник ва илм-фан вакиллари ташкил этади. Демак, мамлакатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан электоратимиз вакиллари ҳар томонлома манфаатдор ва миннатдор. 

    Н.ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

   

   

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+