“Электрон поликлиника” тизими янги имкониятлар эшигини очмоқда

19.10.2019 15:10:46

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тасдиқланган режа-жадвалга аcосан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани намунали шаҳар ва туман тарзида ташкил этилиши белгиланган эди. Бу борада амалга оширилган ишлар якунланди. Шу муносабат билан мазкур шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда амалий семинар ташкил этилди.

Амалий семинар тадбирларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Наримон Умаров, Қонунчилик палатаси депутатлари Саттор Раҳматов, Абдиғани Умиров,  Жамшид Пирматов иштирок этишди.

Семинарда қайд этилганидек, дастлаб Қарши шаҳри ва Китоб туманида аҳолига бирламчи тиббий-сантария ёрдами кўрсатишни намунали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, йўл харитаси ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида барча муассасаларда мавжуд бўлган аппаратура ва тиббий жиҳозлар инвентаризациядан ўтказилди. Ҳамкор ташкилотлар билан йиғилишлар ўтказилиб, чора-тадбирлар белгиланди. Электрон тизимни йўлга қўйиш бўйича мутахассислар учун “Маҳорат дарслари” ўтказилди.

Янгидан бунёд этилаётган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудидаги вилоят перинатал маркази, Қарши шаҳар туғруқ комплекси, вилоят скрининг ва репродуктив саломатлик марказларини янгидан қуриш учун 2019 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 6845,2 миллион сўмлик (97 фоиз) қурилиш ишлари бажарилди.

Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси 40 ўринли жарроҳлик бўлими ва бошқа объектларида қурилиш-реконструкция ишлари ниҳоясига етказилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сон оилавий поликлиникасида 1266,9 миллион сўмлик (35 фоиз), 2-сон оилавий поликлиникасида 560,3 миллион (62 фоиз) сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди.

Китоб туман тиббиёт бирлашмаси 100 ўринли болалар бўлимида қурилиш ишлари якунланди, бу ерда 4354,3 миллион сўмлик иш бажарилди. 50 қатновли Деновбола ҚВПда,   “Тупчоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқ участка шифохонасида, “Янгиобод”  маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқ участка шифохонасида қурилиш ишлари жадал давом этаяпти.

Қарши шаҳридаги 3-оилавий поликлиника “Шайх Али” бўлимига “Саломатлик-3” лойиҳаси томонидан 4 та замонавий компьютер жамланмаси берилиб, “электрон поликлиника” тизими жорий этилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда интернет тармоғи тезлиги ошириш, оптик толли тармоққа улаш, Wi-Fi ускуналари ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Китоб тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасига оптик толали тармоқ ўтказилди, мавжуд барча компьютерлар тўлиқ интернетга уланди ва аҳоли рўйхати шакллантирилди.

Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси 4 дона “Дарсонвал” электр массаж, 2 дона УВЧ физиотерапия, 4 дона терапевтик даволаш ускуналари, 35 дона тиббиёт тарозиси ва наркоз аппарати билан таъминланди. Даволаш профилактика муассасаларида фаолият юритаётган патронаж ҳамшираларига қўшимча 38 та патронаж сумкалари олиб берилди. Китоб туманида эса 160 та шундай сумка (9 турдаги инвентари билан) ҳамшираларга тарқатилди. Тумандаги қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа даволаш профилактика муассасаларига 12 дона кондиционер, 15 дона монитор ва 12 дона совутгич ҳамда 160 миллион сўмлик юмшоқ жиҳозлар берилди.

Қарши шаҳар туғруқ комплекси ва шаҳар марказий шифохонасида беморларга иссиқ овқат етказиб бериш мақсадида аутсорсинг ташкил этилди. Китоб туманида 2019-2020 йиллар давомида ҳар бир давлат тиббиёт муассасасида 4 тадан хизмат турини аутсорсинг асосида тиббиёт муассасаларига ўтказиш режалаштирилган.

Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларига олий ўқув юртларини тамомлаб келган 10 нафар, Китобда эса 4 нафар шифокор ишга қабул қилинди.

Қарши шаҳрида тез тиббий ёрдам Call-маркази учун оптик толали кабель тортилиб, тармоққа уланди. Бу мақсадда 43 миллион сўм сарфланди. Чақириқларни қабул қилишни автоматлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Китобда эса 2 та пост янгидан ташкил қилинди.

Мазкур ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг вилоят ва республика даволаш профилактика муассасаларида даволаниши учун ордер, сиҳатгоҳларга йўлланма, протез-ортопедик буюмлари ва реаблитация техник воситалари билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди.

Шунингдек, семинар  қатнашчилари Китоб тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, тумандаги Рус қишлоғида жойлашган 11-қишлоқ оилавий поликлиникаси, Қарши шаҳридаги 4-оилавий поликлиника  фаолияти билан танишишди. Рўйхатхона, амбулатор қабулга электрон ёзилиш тизими, умумий амалиёт шифокорларини тор соҳа мутахассислари билан узвий ҳамкорлиги, беморлар тўғрисидаги маълумотлар алмашинувида стационар муассасалар, тез тиббий ёрдам тизими билан поликлиникаларнинг ўзаро интеграцияси, беморларга амбулатор-консультатив ёрдамни ташкиллаштириш, онлайн маслаҳат, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш масалалари – перинатал скрининг, туғруқ регионализацияси, тиббиёт муассасалари кадрлар таъминоти ва салоҳиятини электрон бошқарув тизими, сурункали касалликларга чалинган беморларнинг инидивидуал назорати, даволаниши ва реаблитация тадбирларини ташкиллашириш ҳақида кўргазмали тарзда маълумот берилди.

Республика ихтисослаштирилган Кардиология маркази Қарши филиали ва республика Эндокринология маркази Қарши филиалида эса мазкур марказларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникалар билан боғлиқлиги амалий тарзда кўрсатиб берилди. 

– Семинарда тизимдаги энг катта янгилик – “электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими қулайликлари яққол акс эттирилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шерали Нурматов. – Солиқ тизимида солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) тушунчаини бугун мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади. Ва бу тизим кундалик ҳаётимизда қанча қулайликлар яратгани барчамизга аён. Жорий этилаётган “Электрон  поликлиника” тизими орқали ҳар бир фуқаро саломатлигига доир барча маълумотлар ягона электрон базага жамланади. Айтайлик, фуқаронинг қон гуруҳи, ёшлигида қандай касаллик билан оғригани,  нимага аллергияси борлиги, аввал қандай муолажалар олгани... сингари барча маълумотлар бу базада акс этиб туради. Поликлиника шифокори бемор ҳузурига келгунига қадар у хусусида барча маълумотларга эга бўлади. Бу биринчи навбатда тизимда кўпчиликнинг вақтини оладиган ортиқча қоғозбозликка барҳам беради. Вақт тежалади, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади. Мазкур тизимни йўлга қўйиш мақсадида тиббиёт муассасаларини ахборот технологиялари билан таъминлаш, интернет сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Келгусида тиббий электрон тизимдаги рақамимиз ҳам СТИР сингари кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олишига ва энг муҳими, улкан қулайликлар яратишига ишонаман.

Қайд этилишича, тизим поликлиникаларда автоматлаштирилган электрон амбулатор электрон картани юритиш, аҳолига эса онлайн усулда, яъни уйдан чиқмасдан яшаш жойи бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, фуқарога қулай вақтда тиббий хизмат олиш имконини бериши билан афзалдир.

– Амалий семинардан жуда катта тассуротлар олдик, – дейди Шаҳрисабз тумани марказий поликлиникаси бош шифокори Лола Эргашева. – Дарҳақиқат, электрон тизим тиббий муассасалар ўртасида маълумотлар алмашинувида жуда катта қулайликлар яратишига гувоҳ бўлдик.

Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида семинар якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда амалий семинар хулосалари батафсил таҳлил этилди. Тизимни такомиллаштиришга доир таклифлар, фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Cпикерининг ўринбосари Наримон Умаров, депутат Саттор Раҳматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов, Китоб тумани тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи Ҳаким Саидов, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи Моҳигул Баҳромова ва бошқалар бу борада ўз мулоҳазаларини билдиришди.

–Тизим ходимлари томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳаза соҳада оид қонунчиликни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди Наримон Умаров. – Биргина мисол, хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.  Қонун лойҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш  ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади.

Мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш экан, соҳа ходимларининг парламент билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиши зарур. Шунингдек, тизимда кадрлар танқислиги, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, АКТ саводхонлиги сингари қатор муаммолар ечими ҳам кўп жиҳатдан мана шу ҳамкорликка боғлиқ.

Семинар якунида тизимда навбатдаги намунавий ҳудудлар Касби тумани ва Шаҳрисабз шаҳри бўлиши қайд этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+