Элликқаъладаги митинг иштирокчилари истаги: “Прокурор ва адвокат ваколати тенг бўлсин!”

08.10.2019 16:10:59

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган қатор тадбирларни ўтказиб, аҳолининг жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган дахлдорлигини янада оширишга ҳаракат қилмоқда.

Шундай тадбирларнинг бири 6 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Элликқаъла тумани марказида жойлашган Жалолиддин Мангуберди номидаги истироҳат боғида «Адолат-хар бир инсон учун!» шиори остида акция шаклида ташкил этилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган мазкур тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши масъул ходимлари, ҳудудий Кенгаш вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва барча кўнгиллилар иштирок этишди.

Истироҳат боғи ва унинг атрофидаги майдон кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Тадбир аввалида янграган карнай-сурнай садолари барчага кўтаринкилик бағишлади. Эл севган саънаткорлар ва эстрада хонандаларининг чиқишлари тадбир иштирокчиларига бирдек манзур бўлди.

Акция давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, партия Сиёсий Кенгаши юристи Б.Иброҳимов ва Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайпбергеновларнинг партия дастурий ғоялари ва мақсадлари, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ каби соҳаларни янада тарақкий эттиришда партиянинг ўрни ва иштироки тўғрисидаги сўзлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда “Адолат” СДП ғояларига  хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

    Иштирокчиларнинг қўллаб-қувватлашидан маълум бўлди-ки, Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурида жамиятда адолатлилик принципини таъминлашга доир бир қатор аниқ мақсадли ғоялар жумладан:

  • адвокатура мавқеини ошириш;
  • суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини тўлақонли жорий қилиш каби мақсадларнинг ўз аксини топганлигидан кўпчилик мамнун ва партияга ишонч ортмоқда.

Анвар ЭРКАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Элликқаъла туман Кенгаши раиси

Улашинг!