Энди маҳбуслар ҳам пенсия олади

26.09.2019 17:09:22

Пенсия таъминоти аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади. У асосан кекса ёшдаги фахрийлар, кам таъминланган ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг ҳаёт даражасини таъминлаш йўлида  иқтисодий-ижтимоий  қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.   Ўтган қисқа давр ичида республикамизда фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва кафолатлашнинг кучли механизми йўлга қўйилди.

Бугунги кунда Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва ижтимоий нафақаларни ўз вақтида тайинлаш, тўлиқ миқдорда молиялаштириш, тўловлар устидан мониторинг юритиш, пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағларнинг мақсадлилиги юзасидан назоратни кучайтириш борасида керакли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-558-сон Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг  “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш борасидаги қарори қабул қилинди. Унга кўра, манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш белгиланди. Ариза юзасидан пенсия тайинлаш манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимида амалга ошириш юклатилди.

Бундан айтиш мумкинки, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда  инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг олий ўринга кўтарилди. Мазкур қарор манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашга, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда  бу тизим илк маротаба жорий  қилингани, соҳа фаолиятида катта янгилик бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда республикамиз бўйича  25та  манзил-колониялар бўлиб, уларда пенсия ёшидаги маҳкумлар сони 365 нафарни ташкил этар экан. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия дастурининг суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишига манзил-колонияларда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган пенсия ёшидаги маҳкумларни суд-ҳуқуқ тизими вакиллари билан ҳамкорликда ҳимоя қилиб, озодликка чиқариш ва ижтимоий ҳаётга қайтаришда уларни қўллаб-қувватлаш лозим, деган таклифни билдираман. Агарда таклиф амалиётга жорий қилиниб, партия ташаббуси билан, ҳар бир вилоятдан 1 нафардан бўлсада, маҳкум озодликка чиқарилишида қонун доирасида курашилса ва кутилган натижага эришилса, бу сайловчилар олдида энг катта ишончга эга бўлишига, ўз нуфузини янада кўтарилишига замин яратади, деб ўйлайман.  

Шу ўринда,  партия ўзининг Сайловолди дастурига шу каби жамиятнинг энг оғир бўғинларини  ижтимоий қўллаб-қувватловчи, адолатни ҳимоя қилувчи мақсадларни жамласа мақсадга мувофиқдир. Янги таҳрирдаги дастур юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазаларни матбуот орқали кузатиб боряпман. “Адолат” газетасининг ўтган сонларида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга коммунал тўловларнинг барча турлари бўйича имтиёзлар бериш лозимлиги юзасидан таклиф берилди. Албатта, ушбу таклифни ўз ўрнида қўллаб-қуватлайман. Боиси, имконияти чекланган фуқароларни коммунал тўловларни жамиятнинг барча қатлами билан бир хил тўлашга ижтимоий имкони етишмайди. Тўғри, истеъмол ҳуқуқи барча учун баробар, бироқ  саломатлик ҳолати бир хил эмас. Агарда партия ўз дастурида ушбу таклифни илгари суриб, уни ҳаётга жорий қилса, бу аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда яна бир адолатли қарор бўлган бўлар эди.

Шунингдек, партия ўз дастурида олий таълим муассасаларига ўқишга киришда квоталарни бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда. Албатта, бу жуда ўринли масала. Жамиятнинг қанча зиёли қатлами кўп бўлса, мамлакатнинг ривожланиши шунча одимлайди. Бироқ, 4-5 йилдан кейин етишиб чиққан кадрларни ишга қамраб олиш жараёни қандай кечади?  Масаланинг бу томонида партия қай тартибда иштирок этади?  Айтиш лозимки, таклифлар яхши, аммо сайловчиларни  қуруқ гап билан алдаб бўлмайди. Бугунги сайловчига амалий иш, аниқ натижа ва ишончни оқлаш муҳим, деб ўйлайман.     

Шохруҳбек  НИЯЗБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

Яккасарой туман бўлими ўринбосари, партия фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+