Энг тўғри йўл – демократик ислоҳотлар йўли

28.01.2020 16:01:09

Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ўтган даврдаги фаолияти ҳамда сайловолди дастурида кўтарилган муҳим ташаббус ва ғоялари ҳам ўз ифодасини топганлиги кўплаб партиямиз фаолларини қувонтирди.

Хусусан, судлар мустақиллигини таъминлаш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик  ва ҳисобдорликни ошириш, “электрон ҳукумат”ни жорий этиш,  “прописка”дан ўтиш тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш каби долзарб вазифаларнинг ижроси жамият ҳаётида адолат тамойилини устуворлигини мустаҳкамлайди.

Аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтириш муҳим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнингбарча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз” деган сўзлари барчамизни таъсирлантирди ва келгусида бу иллатга қарши курашишда давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга ундади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловларда партиямиз номидан шаҳар ва туманлар кенгашиларига 46 та, вилоят кенгашига 7 та ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига битта депутат сайлангани ҳам муҳим ютуқларимиздан бири бўлди. Мурожаатномада “Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз, янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз” дея таъкидлангани халқ ишончига эришган детуталарни сергакликка, жон куйдириб ишлашга, меҳнат қилишга ундади.

Муҳими, жорий йилда рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, “фаровон давлат” қуриш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгилангани эътиборга моликдир. Зеро, замон билан ҳамнафас бўлган давлатдагина тараққиёт ва тўкинлик ҳукм суради. 

  Рустам ХАЙИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  

Навоий вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши

депутатлик гуруҳи раҳбари                                               

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+