Энг улуғ ва энг азиз байрам

01.09.2019 12:09:51

Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя остида кенг нишонламоқда.

Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. Шу боис ҳам мустақиллик байрами миллати, тили ва динидан қатъи назар, диёримизда яшаётган барча юртдошларимизнинг ардоқли ва севимли байрамига айланди. 

Мамлакатимиз ва хусусан, Жиззах вилоятида охирги уч йил давомида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларида кўриб, қалбан ҳис этиш мумкин.

Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Бу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда. 

Ҳеч шубҳа йўқки, мустақиллик ҳақида сўз борар экан, озод ва обод юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида шодлик,
фахр-ифтихор туйғулари уйғонади. Жаннатмакон Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи юксалиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кўркам қиёфага кириб бораётгани, меҳнаткаш халқимиз бугунидан бахтиёр, шукроналик, эртасига тўла ишонч руҳи билан яшаётганлигини кўриб қувонмай бўладими?! Дарвоқе, серқуёш ўлкамизда сўнгги 28 йилда асрларга татигулик мислсиз ўзгаришлар рўй бераётганлигига барчамиз гувоҳмиз.

Дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимизни илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш энг муҳим вазифамизга айланмоқда. Ана шундай ўткир талабни чуқур англаган ҳолда, 2019 йилни юртимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб эълон қилинди.

Юртимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда, замонавий корхоналар барпо этилмоқда, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантириш, барча соҳа ва тармоқларда инновация, илм-фан ютуқлари, янгича ва ижодий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Қишлоқ хўжалигида замонавий, истиқболли тармоқларга асос солиш, кластер тизимини йўлга қўйиш, фермер хўжаликларининг натижадорлигини кучайтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафаси, бунёдкорлик руҳи олиб кирилмоқда. Одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда, қишлоқда турмуш маданияти ошиб бормоқда. 

Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда мана шундай қувончли воқеалар юз берганда инсоннинг қадди ҳам, қадри ҳам кўтарилади. Бундай дамларда адолат ҳақида гапирилмаса ҳам одамлар ҳақиқат ва адолат борлигига ишонишади. 

Шонли 28 йилда меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ҳеч кимдан кам эмаслигини, кам бўл­маслигини дунё кўз ўнгида амалда исботлаб келмоқда. Шу маънода сиз билан биз, серқуёш Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бугунги авлод бахтли инсонлармиз. Эркин, обод ва тинч, осойишта юртда яшаяпмиз. Энг муҳими, улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларимизнинг самараларини ҳар кун ва ҳар дақиқада гувоҳи бўлаяпмиз.

Бугунги таҳликали замонда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч-осойишта, эркин ва обод ҳаётимизни ҳар томонлама асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши лозим.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+