Ер олинг, армон қилмайсиз

01.05.2020 11:05:08

Бугун Пайариқ туман "Шўртепа" маҳалласида 300 гектар ер томчилатиб суғорилади. Узум экилган,  тайёр қилиб,  шу ерга яқин яшовчи ишсиз фуқароларга кредит асосида бериляпти. Бу яқин маҳаллалар  ёшларига мулкдор бўлиш имконияти тақдим қиляпти. 

Сабаби томорқаси бор одамлар ҳам уйи олдига ток экиб тез-тез суғоришни орзу қилиб юришади.  Бу бир.  Иккинчиси,  ҳозир қишлоқ жойларда 25 миллион сўмга участка тополмайсиз.  Ер нархи қиммат. 

Учинчиси,  ер топганда ҳам у 10 сотих чиқиши мумкин.  50 сотих ер билан 10 сотихдаги токнинг берадиган ҳосилида фари бор. 50 сотихли ердаги токдан кўпи билан 3 йилда "Ласетти"  ё бошқа яхши кўрган машинангизни оласиз. 10 сотихдаги ердан чиққан ҳосил рўзғордан ортмайди.  50 сотихнинг  майизи қанча пул бўлиб кетади? 

Тўртинчидан,  сиз сифатли, лалми ернинг оби-тобида етилган майизига ё карсиллаган  узумига  эга бўласиз. Ҳар йили узуми пишиб рўзғорингизни обод қилади.  Бешинчиси,  кетмон билан боғлиқ бўлсада ўз ҳалол ишингизга эга бўласиз. Ҳеч ким мушугингизни пишт демайди. Олтинчидан,  узумга қараб қолмай йилига бозорга тонна-тонна бодринг,  нўхат,  ловия ё пул бўладиган нарса сотасиз.  Ахир сизга сув тақдим этишди.  Сув излаб юрмайсиз.   Яна уч-тўрт йилда бу ерларнинг нархи беш-ўн баробар ошади.  Чунки бундай имконият қайта бўлмаслиги мумкин. 

Туман ҳокимлиги сизни ўйлаб зўр имконият яратди,  азиз ёшлар. Бунинг қадрига етинг,  мулкдор бўлиб қолинг. Шундай қилсангиз сиз истаб юрган пулларнинг ўзи чўнтагингизни сўраб, излаб келаверади.  Армон қилмайсиз.

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+