Ер ости йўли таъмирланиши нега кечикяпти?

18.11.2019 17:11:00

Сўнгги йиллар мобайнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби  Сурхондарё вилоятида ҳам йўллар ва турар жой массивлари ичида олиб борилаётган кенг кўламли йўл-қурилиш ишларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Кўчалар кенгаймоқда, автомобиль тирбандликлари бартараф қилинмоқда. Ҳамма ерда иш қизғин, катта йўл техникаси шовқини эшитилмоқда.

Айтиш жоизки, бундай улкан ислоҳотлар шаҳарларимиздаги йўлларда автотранспорт оқимининг шиддат билан ошиб бориши, марказий ва шоҳ кўчаларда пиёдалар ўтиш йўлагини  таъминлаш ҳисобига ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳланади.   

Хусусан, Термиз шаҳрида марказий кўчалардан бири Исо ат Термизий шоҳ кўчаси жуда серқатнов, марказий кўчалардан бири ҳисобланади. Кўчанинг бир томонида тижорат банклари, умумтаълим мактаблари, поликлиникалар, Археология музейи, турли ташкилотлар ва аҳоли турар жой бинолари, иккинчи томонда эса савдо маркази, санъат саройи, почта алоқалари бўлимлари, коллежлар ҳамда умумтаълим мактаблари жойлашган бўлиб аҳолини у томондан бу томонга ўтиши учун бор йўғи битта ер ости йўли (тоннель) мавжуд бўлиб, мазкур йўлак ҳам бугунги кунда ишламай, ёпиқ ҳолда турибди. Унинг тўсиб қўйилганлиги аҳолига ҳамда вилоятимизга ташриф буюраётган меҳмонларга ноқулайлик туғдирмоқда. Аҳолининг эътирозлари ва мурожаатларига биноан Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йил якунига қадар ер ости йўли  буткул ва жорий таъмирланиши режалаштирилган эди. Йил якунига оз вақт қолган бўлса-да, мутасаддилар ҳамон жим.

-Биз йўлнинг бу томонидаги кўп қаватли турар жой биносида истиқомат қиламиз. Болаларим йўлнинг нариги томонида жойлашган умумтаълим мактабида ўқийди. Ҳар куни мактабга қатнаш учун нариги тарафга ўтишга зарурат туғилади. Машина йўли серқатнов бўлганлиги сабабли болаларимдан доим хавотир оламан. Ер ости йўли ишлаганда эди, хавотирга ўрин қолмас эди,-дейди фуқаро Озода Мирсаидова.

-Неча йиллардан буён жуда абгор ҳолатга келиб қолган ер ости йўлагини вақтли матбуотдан ҳамда вилоят телевидениесидан келган ходимлар ўрганишган, танқидий чиқишлар билан ечим изланган эди. Аммо шунча танқидий чиқишларга қарамай ҳамон натижаси бўлмаяпти. Мутасаддиларга юборилган мурожаатларнинг-ку адоғи йўқ. Шунча гап-сўздан хулоса чиқариб ер ости йўлини тузатишга бел боғлаган бирор мард топилмаяпти,-деб қўшимча қилди яна бир кекса фуқаро Мунира Аъзамова. – Кўриб турганингиздек бу жой аҳоли мунтазам ўтиб қайтадиган, серқатнов жой ҳисобланади. Агар мазкур йўлак ишга тушса, учраб турадиган транспорт қатновидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг анча олди олинар эди. Биз ҳам бехавотир у ёқдан бу ёққа ўтишимиз осонлашар эди.

Аслида  йўлсозлик ишларининг ҳажми ёки катталиги эмас, уларни амалга оширишнинг жадаллиги аҳолини қизиқтиради. Шу боис  фуқаролар муаммонинг ижобий ечим топишига ва ишлар тезлик билан яхшиланишига  сабр билан умид қилишяпти. Биз ҳам мазкур муаммони ҳал қилинишига умид боғлаган ҳолда, мутасадди вакиллардан жавоб кутиб қоламиз.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+