Партиядош шифокор маслаҳати: Эрталабки бадантарбия – организмнинг нонуштаси

08.04.2020 18:04:00

Уйқудан кўзини очиб, ўзини ланж ва кайфиятсиз хис этиш кўпчиликка хос муаммо. Бу уйқуга тўймаслик, уйқу эхтиёжининг етарлича қондирилмаслигидан келиб чиқади. Жамиятда фаол инсон кам ухлашга мажбур, ягона чора эса ноқулайликни бартараф этиш. Эрталабки бадантарбия бу борадаги оқилона қарордир.

Организмни чиниқтиришнинг энг осон усули

Уйқингизни ўчириш учун бир финжон қаҳвага ёпишманг, оч қоринга қаҳва ичиш соғлиқ учун зарарли. Бадантарибия эса:

- соғломлаштиради, организмни фаоллаштиради ва мустаҳамлайди;

- айниқса бош мия, ички органлар, бўғимлар, нафас йўллари, юрак қон-томир фаолияти, моддалар алмашинуви учун фойдали;

- қон айланишини яхшилайди;

- чиниқиш учун энг осон ва қулай танлов;

- сколиоз, умуртқа чурраси, остеохондроздан ҳимоялайди;

- иммунитетни кўтаради;

- рухий зўриқишни бартараф этади;

- кун бўйи ўтирган ҳолда ва компьютерда ишловчилар учун айни муддао;

- чиройли қомат, тери ва сочлар жилокорлиги, ёш кўринишга интилган аёллар учун ўта зарур;

- иштахани очади, кайфиятни кўтаради, меҳнат унумдорлигини оширади.

Нимадан бошлаймиз?

Аввало бу ўзингиз, соғлиғингиз учун кераклилигини хис этинг. Уйқингизни имкон қадар тартибга келтиринг, кечки уйқуга барвақт ётсангиз, эрталабки бадантарбия учун куч топасиз. Дангасалик қилманг. Бадантарбия доимий равишда, ҳар куни амалга оширилгандагина фойдасини кўрсатади. Агар шу пайтгача бадантарбия билан умуман шуғулланмаган бўлсангиз, аста-секинликка риоя қилинг. Илк кунлар учун тўшакда, ётган ҳолингизда машқлар бажаринг. Уйқудан уйғонган заҳотингиз машқ қилишни бошламанг. Организм янги кунга киришиб олиши учун 10-15 дақиқа имкон беринг.

Лекин бадантарбия нонуштадан аввал бажарилишини ҳам унуманг, акс ҳолда кўнгил айнаши безовта қилиши мумкин. Бадантарбиягача бўлган 10-15 дақиқа давомида душ қабул қилишингиз, майин мусиқа тинглашингиз мумкин. Ёки вақтингизни бошқача режалаштирган ҳолда нонуштадан 30 дақиқа ўтгач, машқларни бошланг.

10 та машқ, 10 марта такрор, 10 дақиқа – соғлиғингизга 10 балл!

Эрталабки бадантарбияда 5-10 та оддий машқлар бажарилиб, буларнинг ҳар бири 7-10 мартадан такрорланади. Бунга атиги 5-10 дақиқа кетади. Машқлар шошмасдан, нозиклик билан, хотиржамликда бажарилади. Кийимингиз ҳам қулай бўлсин. Оёғингизга пойабзал киймасдан, ялангоёқ турганингиз маъқул. Эрталабки бадантарбияни иложи борича очиқ ҳавода амалга оширишга ҳаракат қилинг. Бу фойдани икки хисса кўпайтиради. Агар ташқарига чиқишнинг имкони бўлмаса, эшик, деразаларни очиб, хона ичини елвизак қилиб қўйинг. Дарвоқъе, мусиқа садолари остида бажарилган машқлар самарани янада оширади.

Қолиплардан қочинг!

Машқларда аниқ қолип мавжуд эмас. Эгилинг, кўприк хосил қилинг, ўтириб туринг, бошингизни айлантиринг, югуринг, қўлингизни тамонлар бўйлаб ҳаракатлантиринг – фарқи йўқ. Эрталабки бадантарбиянинг бош қоидаси ҳам шу – енгиллик ва қисқалик. Асосийси, ўзингизга ёққан машқни кўпроқ такрорланг. Тезкор ҳаракатлар, мураккаб машқлар билан бўғимларни зўриқтириб қўйманг. Ахир сиз спортсменликка эмас, соғломликка даъвогарсиз-ку.

Тонгда кундуз учун қувват ғамлаймиз

Эрталабки бадантарбияни канда қилмайдиганлар ёшлигида кучли, қариганида тетик ва соғлом бўладилар. Бадантарбия билан шуғулланмайдиганлар эса баҳона топишга ҳаракат қиладилар. Эрталаб ўқишга, ишга шошиб турганда бу ортиқчадек туюлади, беш дақиқани ҳам қизғанадилар. Бунга жавобан қадимий хитойликларнинг мақолини келтириш мумкин: “Эрталабки 10 дақиқалик бадантарбия кундузги 30 дақиқалик машқнинг фойдаси билан тенг”. Демак, кун бўйи меҳнат унумдорлиги ва муваффақиятга эришиш учун эрталабки 5-10 дақиқани тикишингиз лозим. Бу орқали сиз ўзинизни кун давомидаги босимга тайёрлайсиз, қувват заҳиралайсиз.

Ақлий қобилиятни ривожлантиради

Бадантарбия билан шуғулланувчилар жароҳатларга чидамли, суяк синиши, чиқиши каби нохуш ҳолатлардан узоқ юришлари аниқланган. Бадантарбия учун муддат ва танаффуслар белгиланмаган. У билан умрингизнинг охиригача дўст тутинишингиз мақсадга мувофиқ. Фақат вақт ва ёш ўтиши билан боғлиқ ҳолатлар (хасталик, ётоқ тартиби, ҳомиладорлик, қарилик)га кўра уларни қисқартириб, янада енгиллик киритиб борасиз.

Машқлар бажариш вақти қон айланиши фаоллашгани боис тўқималар кислород билан тўлиқ таъминланади. Бош миядаги етарлича кислород диққатни жамлаш, хотира, тафаккур қобилиятларини рағбатлантиради. Тонгда бадантарбияга одатланган болалар соғлом, касалликларга чидамли, тунда яхши ухлайдиган, мактабда аъло баҳоларга ўқийдиган бўладилар.

ФАКТЛАР:

- Бадантарбияга киришишдан аввал бир стакан сув ичсангиз, организмдаги электролитлар баланси мувофиқлашади.

- Тонгги бадантарбияни чақалоқликдан бошлаш ва умрининг охиригача давом эттириш мумкин.

Ойбек ОСТОНОВ,

Андижон вилояти Бош тиббий меҳнат

экспертиза комиссияси раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+