Эзгу ислоҳотларнинг асоси

05.01.2021 17:01:02

Мамлакат тинчлигини таъминлаш ва халқнинг осойишталигига эришиш амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида асослантирилган таклиф ва ташаббусларни билдирди.

Хусусан, Юртбошимиз Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларнинг тадрижийлигини таъминлаш масаласини алоҳида таъкидлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини қайд этди.

Жорий йил давомида Қуролли Кучларимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва қўшинларнинг профессионаллигини ошириш борасидаги ҳуқуқий база янада мустаҳкамланди, унга замонавий стандартлар жорий этилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2020 йилда шу мақсадда 25 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 октябрдаги “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 10 июндаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидан.

Бугунги мураккаб ва синовли даврда мамлакат мудофаа салоҳияти ва қўшинлар жанговарлигини мустаҳкамлаш борасидаги амалий ишларга, аввало, жонкуяр халқимизнинг меҳнати, матонати ва Юртбошимизнинг эзгу ташаббуслари асос бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шунингдек, Президентимиз Мурожаатномада фавқулодда ҳолат тизимидаги амалдаги вазиятга холис муносабат билдирган ҳолда “сўнгги йилларда республикамизда юз берган табиий ва техноген офатлар, куз-қиш мавсумида содир бўлаётган ёнғин ва бошқа кўплаб нохуш ҳолатлар бу борадаги мавжуд тизимни янада такомиллаштириш зарурлиги, юртимизда барпо этилаётган кўплаб йирик объектлар ва баланд қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини ташкил этиш, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш лозим”лигини алоҳида таъкидлаб, бу борада ўз амалга ошириш механизмларини қамраб олган ва асослантирилган таклифларни билдирди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан “Фавқулоддаги ҳолат тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Дарҳақиқат, юртимизнинг бугунги фавқулодда ҳолат тизимини замон талаблари асосида қайтадан кўриб чиқиш, унга янги ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни жорий этиш, тизимда концептуал ўзгаришларни амалга ошириш, энг муҳими, соҳани яхлит қонун ҳужжати билан тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз таъкидланганларидек, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминламасдан туриб юксак натижаларга эришиб бўлмайди. Узоқ истиқболга мўлжалланган эзгу ният ва улкан мақсадларимизга эришиш, халқнинг тинч-тотувлигини таъминлашнинг энг биринчи асоси – бу замон талабларига жавоб берадиган қудратли ва жанговар армиянинг мавжудлиги ва соғлом, Ватанпарвар ва мард ўғлонларнинг жасоратига бевосита боғлиқдир.

Бу йилги Мурожаатномада ҳам мазкур масалалар устувор вазифалар сифатида таъкиланганлиги мамлакатимиз мудофаа салоҳиятининг янада мустаҳкамланиши, чегараларимиз дахлсизлигининг таъминланиши, ҳарбий-ватанпарвар ва мард ёшларнинг камол топиши, шунингдек хавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида янги даврни бошлаб беришига, ишонамиз.

 

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти Қўмита раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+