Эзгулик дунёни қутқаради

01.05.2020 18:05:04

Айрим давлатлар коронвирус пандемияси кўламини ўз вақтида англамади, баъзилар дунёга таҳдид солаётган хавфга беписанд қаради. Бундай ёндашув охир-оқибатда қандай оғир кулфатларни келтириб чиқараётганига барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали гувоҳ бўлиб турибмиз. Хўш, бундан ким жабр кўрди ва кўрмоқда? Албатта, халқ!

Шундай мураккаб вазиятда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан узоқни кўзлаб, ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда пандемиянинг оғир ҳолатлари олди олинди. Аввало, коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича стратегик режа жуда қисқа фурсатда қабул қилинди. Қолаверса, бу борада самарали тизим яратилгани касалликнинг олдини олишда, унга қарши курашишда, аҳолининг турмуши мураккаб аҳволга тушиб қолмаслигида ўз самарасини бермоқда.

Мазкур жараёнларда тиббиёт ходимлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг фидокорона меҳнати, матонати, ҳиммати баланд юртдошларимизнинг муруввати ҳам алоҳида таҳсинга сазовор.

Шу ўринда айтиш керакки, ўзбеклар табиатан меҳр-оқибатли, саховатли халқ. Беминнат ишларини бировга билдиришни истамайдиганлар ҳам кўп орамизда. Шундан бўлса керак, яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби улуғ фазилатлар азалдан халқимизнинг зийнати бўлиб келган.

Бунга биргина мисолнинг ўзи кифоя. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шоаҳмад ота Шомаҳмудовнинг оиласи каби кўплаб ўзбек хонадонлари собиқ иттифоқнинг уруш олови авж олган ҳудудларидан қанчадан-қанча болалар, етимларни ўз бағрига олди. Қанча одамлар бу азиз диёрдан бошпана, меҳр ва эътибор, бахт, хотиржамлик, руҳий осойишталик топди. Буларнинг бари ўзбек халқининг нечоғлиқ меҳридарё, саховатли, бағрикенг эканининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг аҳилликда истиқомат этиши, миллий маданий марказларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатиши учун зарур барча шароит ва имконият яратилгани ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Айни дамларда азалий қадриятларимиз бардавомлиги ўз исботини топмоқда. Бунга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти мисолида гувоҳ бўлиш мумкин. Ушбу марказлар орқали шу кунга қадар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳомий ташкилотлар ҳамда саховатпеша фуқароларимиз томонидан тақдим этилган, тахминий нархи қарийб 23 миллиард сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилгани, шу фурсатда хайрия тадбирлари давом эттирилаётгани таҳсинга лойиқ.

Яқинда Президентимиз саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир бор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласида сўз юритди. Кўрилган чоралар натижасида аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатгани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётганига, бу ҳолат аҳоли ҳаётига таъсир ўтказаётганига алоҳида урғу берилди. Шу боис, ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор, ёлғиз яшовчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб, ҳозирги кунда вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари халқимизга хос бўлган меҳр-саховат, ўзгалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам кўрсатиш каби юксак инсоний ташаббусларни юзага чиқариш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ҳаётга татбиқ этиш таклифини илгари сурди. Муқаддас Рамазон ойида бундай эзгу қадриятлар янада кенг қулоч ёйиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Эътиборлиси, эзгу ишларга бош қўшаётган саховатпеша тадбиркорларга давлат томонидан солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилиши назарда тутилаётгани Президентимиз сиёсатининг халқпарварлигини яна бир карра исботлайди.  

Шубҳасиз, қисқа фурсатда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг галдаги амалий намоёнига айланади. Савобталаб инсонлар, тадбиркорлар ўз атрофидаги ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига имкон қадар ёрдам беришларига ишонамиз. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади. Энг муҳими, бундай эзгу ишлар туфайли кўнгиллар шод, дунёмиз обод бўлажак.

Собир ТУРСУНОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати,

педагогика фанлари доктори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+