Фахр ва эҳтиром рамзи

18.11.2019 18:11:11

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғининг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклида. Унинг узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметр. Мовий, оқ  ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.

Бугунги кунда бу каби маълумотларни мактаб ўқувчиси ҳам билади. У байроқ “Ўзбекистон Республикасининг Даввлат байроғи тўғрисида”ги қонуни билан тасдивланганлигини ҳам айтиб бера олади. Ҳа, 1991 йил 18 ноябрда ана шу ҳужжат мустақил мамлакатимизнинг қутлуғ рамзларидан бири қандай бўлиши кераклигини ўзида акс эттирди. Шундан бери у юртимиз доврцғини бутун дунёга ёйиб келмоқда. Биз у билан чексиз фахрланамиз ва ардоқлаймиз. Турли халқаро анжуманларда унинг мағрур ҳилпираб турганини кўрганимизда қалбимиз қувончга тўлади. Айниқса, ҳалқаро мусобақаларда спортчиларимиз қўлга киритган ютуқлар эвазига байроғимиз юксакликка кўтарилганида сиз билан бизга етадиган одам бўлмайди.

Ажойиб шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг ижодини яхши кўраман. Унинг шеърларини тез-тез мутолаа қилиб тураман. Айниқса, “Ватан байроғи”ни ўқиганимда ундаги юртпарварлик руҳи киши қалбини забт этади. Гўёки эҳтирослар оқими  ошиб-тошиб кетгандай бўлади. Мана, бир неча мисраларни ўзингиз ҳам мутолаа қилинг.


То бу байроқ, Ватан, нурлар


Ич-ичингга кетсин кириб.


Токи ғаним ватанхўрлар


Ололмасинлар суғириб.


Шундай ўргат қулни, хонни,


Учмас қуш ҳам учар бўлсин.


То байроқдан олдин жонни


Бермоқ осон кечар бўлсин.

Мана, юрт байроғига ҳурмат ва эҳтиромнинг шоирона ифодаси. Биз учун мана шу мисралар доимо улуғ шиор вазифасини ўташи керак. Чунки байроқ – нафақат  тарихни, балки бугунни ва эртанги кунни ҳам  акс эттирадиган ўзига хос рамздир. У халқ ҳаётидаги энг муҳим воқеалар моҳиятини очиб берадиган калитдир.

Тарихдан маълумки, байроқлар эрамиздан аввалги III-II минг йилликларда пайдо бўлган. Дастлаб улар қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги вазифасини ўтаган.  Марказий Осиё кенгликларида ҳам байроқлар қадимдан юзага келган. Буни адабий ва тасвирий санъат асарларида кўриш мумкин. Масалан, Фирдавсий ўзининг “Шоҳнома”сида темирчи Кова коржомаси этагини байроқ қилиб кўтариб, халқни золим шоҳ, одамхўр Заххокка қарши қўзғолонга бошлаганлигини баён этади.  Алишер Навоий эса Искандар аскарлари “байроқлар остида” Доро лашкарига қарши жанг олиб борганини ёзади. Амир Темурнинг зафарли юришларида ҳам   саркарданинг туғи  қўшинлар ҳамроҳи бўлган.

                                                                                     Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+