Фаолият сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани

25.01.2020 11:01:19

Бугун вилоят “Матбуот уйи”да Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йилда белгиланган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда оммавий ахборот воситаси вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда сиёсий партияларнинг вакиллари иштирок этишди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг очиқлик дастурига асосан 2019 йил давомида бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Бошқарма ва унинг тизимига ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 4035 та мурожаат тушган. Шундан 2247 таси қаноатлантирилган.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган ўрганишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши натижасида 77 861 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилгани, нотариал идораларда коррупция билан боғлиқ ҳолатларни ҳамда ходимларнинг фуқаролар билан ўзаро муомала-маданиятларини  кўздан кечириш мақсадида ҳисобот йили давомида 90 марта “сирли мижоз” ва рейд тадбирлари ташкил этилгани, ўтказилган ушбу тадбирлар натижасида нотариал идора ходмлари томонидан йўл қўйилган 57 та камчилик аниқланиб, 18 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 6 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани эътироф этилди.

Сайлов кампанияси даврида “Адлия сайловга чорлайди” шиори остида тарғибот тадбирлари, акциялар ташкил этилгани қайд этиб ўтилди. Дарҳақиқат, сайлов кампанияси даврида ҳар ҳафтада вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинглар ташкил этилиб, партиялар дастури ва амалга ошираётган ишлари юзасидан аҳолига маълумотлар бериб борилди.

Шунингдек, жорий йилда адлия органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик назорати вакиллари, журналист ва блогерлар билан, шунингдек фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, Адлия вазирлигининг “Очиқ Адлия” дастурига мувофиқ адлия органлари тизимида тизимли равишда “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан тизимли ҳамкорликни кучайтириш борасида ҳам вилоят Адлия бошқармаси олдида турган устувор вазифалар хусусида маълумот берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+