Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

22.07.2019 17:07:14

Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ. Кейинги йилларда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия гуруҳларининг жойларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги роли ва масъулияти ортаётганлиги бежиз эмас.

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан бир қатор муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар раҳбарларига жами 39 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Шундан 24 таси ижобий ҳал этилиб, қолган сўровлар бўйича амалий ишлар давом этмоқда.

Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтсак. Депутатларнинг сайёр қабуллари чоғида Жиззах шаҳар “Сайилжой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, кам таъминланган фуқаро Қўчқор Ҳайдаровнинг арзон уй-жой олиш масаласида қилган мурожаати бўйича депутат Дилмурод Худойшукуров тегишли сектор раҳбари, шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғига депутатлик сўрови киритди. Қ.Ҳайдаров арзон уй-жой сотиб олиши учун бошланғич тўлов маҳалла билан ҳамкорликда, ҳомийларни жалб этган ҳолда тўлаб берилди.

Дўстлик тумани “Наврўз” ШФЙ ҳамда “Мевазор” ҚФЙ аҳолисининг ичимлик суви ҳамда суюлтирилган газ таъминотида учраётган муаммолар ҳақидаги мурожаатлари асосида депутатлик гуруҳи аъзоси Омонгул Ҳайитова туман “Сув-оқава” корхонаси ҳамда “Тумангаз” корхонасига депутатлик сўрови юборди. Тез орада “Наврўз” ШФЙ ва “Мевазор” ҚФЙдаги хонадонларда ичимлик суви ва табиий газ таъминоти яхшиланди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах шаҳар, Дўстлик, Пахтакор туманларида яшовчи 15 нафар кам таъминланган фуқароларга турмуш шароитини яхшилаш ва соғликларини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилди.

ўаллаорол тумани “Коризқудуқ” қишлоғида истиқомат қилувчи кам таъминланган фуқаро Х.Бозоров ва Дўстлик туманида яшовчи фуқаро З.Ражабов соғлиги ёмонлашганлигини айтиб, даволаниш учун амалий ёрдам сўраб депутатлик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилишди. Депутат Нигора Бозорбоева уларнинг мурожаатларини ўрганиб, фуқароларнинг моддий жиҳатдан кам таъминланганлигини эътиборга олган ҳолда тегишли тиббиёт бирлашмаларига депутатлик сўрови чиқарди. Иккала фуқаро ҳам зарур дори-дармон воситалари билан бепул таъминланиб, уларга ўз ҳудудидаги шифохоналарда даволаниш имконияти яратилди.

Бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Партиямизнинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан 30 нафарга яқин уюшмаган ёшлар ишга жойлаштирилди. Жумладан, форишлик Гулнора Ботирова 4-умумтаьлим мактабига, зарбдорлик Юсуф Маматқулов “Дўстмурод ифтихори” фермер хўжалигига ишчи вазифасига, Пахтакор туманида яшовчи Меҳриддин Юсупов тумандаги 2-умумтаьлим мактабига тарих фани ўқитувчиси вазифасига, Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Олим Усмонов вилоят “Ер-мулк кадастр” давлат корхонаси Жиззах шаҳар филиалига мутахассис сифатида, форишлик Жаҳонгир Ибодуллаев туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига ишчи вазифасига ишга жойлаштирилди.

— Ўрта-махсус маълумот олганман, шу боисми, анчадан буён иш топишда қийинчиликларга дуч келаётгандим, — дейди Жаҳонгир Ибодуллаев. — Аввалроқ туманда ободонлаштириш ва қурилиш соҳаларида ишладим. Лекин соғлигим ёмонлашганлиги сабабли ишдан бўшашга тўғри келиб, ишсиз қолгандим. Партия депутатлари ўзимга мос иш топишда амалий ёрдам кўрсатишди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Кенгаш сессиясига 5 та, доимий комиссияларига 16 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, сессияда партиянинг “Таълим сифати — партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида вилоятдаги халқ таълими муассасаларида олиб борилган ўрганишлар натижалари қизғин муҳокама этилди. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида секторлар фаолиятини ўрганиш натижалари, вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳудудда жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳолатига доир масалалар ҳам сессия иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Сессия қарорларининг ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+