Фаолиятимизда ўсиш бор, аммо...

21.10.2020 14:10:49

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши Матбуот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжумани вилоят партия кенгаши ва депутатлик гуруҳларининг 2020 йил 9 ойликдаги фаолияти таҳлилига бағишланди. Унда йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.

Вилоят партия Кенгиши раиси ўринбосари Малохатхон Мусаеванинг ҳисоботида кўрсатилишича, бугун  22962 нафар партия аъзоларини ўз атрофида бирлаштирган ҳудудий кенгашлар фаолиятида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Давр билан ҳамнафас ҳолда биринчи навбатда пандемия даврида аҳолини соғломлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш асосий вазифага айланди. Партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари жамоатчилик орасига кириб боргани, маҳалла фаоллари билан ҳар бир оилани ўрганган ҳолда моддий ва маънавий кўмак беришни манзилли ташкил этилиши ўз самарасини бермоқда. Бу жамоатчиликни партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлаяпти.

Шу ўринда куннинг долзарб вазифасига айланган ижтимоий-ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш андижонлик “адолатчилар”нинг бош вазифасига айлангани эътиборли. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 1732 та оилаларга  депутатлар ва кўнгилли волонтёрлар томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. 83 нафар фуқаро доимий ва 176 нафар фуқаро мавсумий ишга жойлаштирилди. Андижон шаҳри, Андижон, Избоскан, Хўжаобод ва Мархамат туманларида бу борада олиб борилган ишлар эътиборли. Андижон давлат тиббиёт институтидаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари соғломлаштиришга қаратилган тарғибот акциясини ўтказиш баробарида тиббий хизмат кўрсатиш ташаббуси билан чиқди.

Қосимжон ҚАЮМОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси ўринбосари:

-Аввалги йиллардагига нисбатан фаолиятимизда ўсиш кузатилсада, қониқарли деб айтиш қийин. Сабаби бир қатор йўналишларда талаб даражасида иш ташкил этилмади. Биргина партиянинг асосий таянчи бўлган депутатлар фаолиятини олайлик. 44 нафар депутат томонидан атиги 135 та депутатлик сўрови чиқарилди. Маҳаллий Кенгаш сессияларига 7 та масала киритилди холос. Ваҳоланки, жойларда ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Бу борада масъулиятни оширишимиз, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини бажаришимиз зарур.

Матбуот анжумани савол-жавоб ва баҳсларга бой бўлди. ОАВ вакилллари сайлов арафасида берилган ваъдалар қанчалик бажарилаётгани, сиёсий майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун “адолатчилар” қандай янги режалар билан ишлаётгани ва энг асосийси, жамоатчилик уларнинг фаолиятидан қониқмоқдами, каби  саволларни кўтардилар. 

Тадбир якунида партия фаолиятини жонлантириш мақсадида ОАВлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.  

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+