Фарғона вилояти Кенгаши халқаро кузатувчиларни кутиб олди

20.12.2019 21:12:31

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига шу йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов кампаниясининг муҳим босқичи қизғин паллада. Номзодлар ўзининнг шахси, билим ва салоҳиятини сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда намоён этиб, дастурларининг мазмун-моҳияти, аниқ мақсади ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалари билан таништириб боряптилар. Ташвиқот сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан бевосита амалга ошириляпти. Аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларга тўғри ечим топиш, уларнинг ишончини қозонишга  ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси номзодлари томонидан ҳудудларда иккитадан тўрттагача учрашувлар ташкил этиляпти ва уларнинг ҳар бирида 60 нафардан 100 нафаргача сайловчилар иштирок этмоқда. Маҳаллий Кенгаш номзодлари ҳам ўз ҳудудларидаги аҳоли ичига чуқурроқ кириб бориш, юзма-юз мулоқотлар орқали ўзларининг улар олдидаги  масъулиятини тушунтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Шу билан бирга, номзодлар сайловчилар билан мулоқот чоғида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган сайлов батамом янгича руҳда,  янги Сайлов кодексида белгиланган мезонлар асосида ташкил этилаётганлиги ҳақида тушунтириш беришмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг  мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиқиб белгиланган ўз дастурларини  уларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари билан бойитиб бормоқдалар. 

Ҳудудда сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш жараёнида ошкоралик, демократик тамойилларнинг таъминланганлиги, миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида халқаро кузатувчилар ҳам иштирок этяпти. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси вакиллари Фарғона вилоятида ҳам бўлдилар. Халқаро кузатувчилар – Борис Дьяконов, Бригитт Хойерлар Ўзбекистон  “Адолат”  СДП вилоят Кенгаши раиси  Шерзод Каримов, ташкилий масалалар бўйича ўринбосари Комила Исроилова, 106 – “Бағдод” сайлов округидан  Ўзбекистон  Олий Мажлиси  Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Гулбаҳор Саидғаниева билан учрашиб,   суҳбатлашди.  Партия томонидан амалга оширилаётган ишлар  билан танишдилар.

-Биз Фарғонага келган кунимиздан бошлаб, сайловчиларга яратилган шароитлар, партияларнинг фаолиятини кузатиб боряпмиз. Албатта, ҳудудлардаги ўзгаришлар ва 22-декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнидаги янгиланишлар эътиборимиздан четда қолгани йўқ, – дея ўз фикрларини билдиришди суҳбат чоғида. 

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП  Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+