Фарғоналик 21 нафар уюшмаган ёшлар ишли бўлди

05.06.2020 12:06:01

Карантин тартиблари жорий қилинганлигидан буён кўплаб аҳоли қатлами ишсиз қолганлиги барчамизга аён. Бу эса ўз навбатида оилаларда моддий эҳтиёжни юзага келтирди. Саховатпеша инсонлар уларга кўмак бериб имкон қадар мушкулини енгиллаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Саховатпешаларнинг сафини кенгайтириш мақсадида Президентимиз томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилиши эса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга эътиборни янада кучайтирди. 

“Саховат ва кўмак” жамғармасининг   жойлардаги  бўлинмалари ташкил  этилиши халқимизнинг эзгу қадриятлари саналмиш меҳр-оқибат, мурувватнинг ўзига хос ифодасига айланди.  Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар,  вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга зарур бўлган тиббий воситалар, озиқ-овқат ва бошқа керакли маҳсулотлар, кундалик истеъмол товарлари  билан таъминлаш учун  йўналтирилди. Маблағларни тасарруф этишда депутатларимизнинг иштироки бизни халқимиз билан янада яқинлаштирди. 

Фарғона вилояти, ҳудудий Кенгаш депутатлари ҳам умумхалқ ҳаракати доирасида фаол иштирок этиб, ҳомийлик ёрдамларини кўрсатдилар. Карантин жорий қилинганидан буён партиямиз фаоллари, депутатлари томонидан вилоятимиз бўйича 1700 га яқин ижтимоий таъминотга муҳтож оилаларга 700 қоп - жами 30 тонна ун, 2,5 тонна ўсимлик ёғи, 3,5 тонна картошка, 5,5 тонна макарон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 минг донага яқин тиббий ниқоблар, жами 150 миллиондан зиёд  ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Озиқ-овқат ва бошқа зарурий маҳсулотлардан ташқари Қўқон шаҳар Кенгаши раиси Азиз Аҳмаджонов ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Иқбол Сотволдиев томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга 3 та ногиронлик  аравачаси топширилди.

Фурқат тумани Кенгаши билан ҳамкорликда партиямиз фаоли, ҳунарманд-тадбиркор Бахтиёржон Тожиев умумхалқ ҳаракати доирасида тумандаги “Чиркай” МФЙда истиқомат қилиб келаётган ижтимоий таъминотга муҳтож оилаларни оталиққа олганлиги ва мазкур оилаларнинг фарзандларини ҳунар ўрганишга жалб қилганлиги  ҳам ибратдир. Бу борада яна кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Депутатларимиз томонидан фуқароларга кўмак бериш учун томорқасига туман бандлик бўлими кўмагида субсидия асосида замонавий, енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиб берилишига эришилмоқда. Уйда ўтиришлари, кўчага чиқмасликларини таъминлаш мақсадида  тадбиркорлар билан ҳамкорликда кўчма дўконлар, кўчма дорихоналар ташкил этилди. Маҳалла, кўча, хонадонларда дезифекция ишлари мунтазам олиб борилди.

Бундан ташқари ҳисобот даврида “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида маҳаллалардан 101 та мурожаатлар  келиб тушган бўлса, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Ушбу лойиҳа доирасида турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, ўқимайдиган, тайинли машғулотга эга бўлмаган ёшлар ва уларнинг яқинлари билан ҳам мулоқотлар олиб борилди. Ҳозирги кунга қадар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жами 78 нафар уюшмаган ёшларнинг аҳволи ўрганилди. 21 нафар уюшмаган ишсиз ёшларнинг иш сўраб қилган мурожаатлари ўз ечимини топди. Қолган ишсиз ёшлар оилада фарзандлари тарбияси билан банд эканлиги, фермер хўжаликлари ерларида деҳқончилик, чорвачилик, қурилиш ишлари билан шуғулланаётганлиги маълум бўлди.

Сардобаликларга ёрдам қўлини чўзган ҳамюртларимиз қаторида вилоятнинг  Қўштепа туманида яшовчи тадбиркор Шокиржон сув тошқини сабабли қийналган оилаларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари А.Умаров ташаббуси билан 35 миллион сўмлик кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Манзура Салимова вилоят “Она ва бола” скрининг маркази ходимлари билан биргаликда  бир кунлик иш ҳақини сардобалик ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлашга йўналтирди. Шу билан бирга, бу эзгу саъй-ҳаракатлара  Сўх, Қува туманлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Муҳими, ҳар бир депутатимиз имкон қадар қандай кўринишда ва миқдорда бўлмасин кўмак бериш ҳаракат қилмоқда.

 

Камола ПОЛВОНОВА,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+