Фарғоналиклар саховат йўлида бирлашди

25.03.2020 18:03:16

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши фаоллари, вилоят ва шаҳар-туман Кенгаши депутатлари ва партия электоратининг саховатпеша  вакиллари “Саховат йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида  эзгу ишга бош қўшдилар.  Улар томонидан пандемия  даврида  даромад олиш имконига эга бўлмаган, ишсиз, эҳтиёжманд,  кўп фарзандли оилалар,  якка-ёлғиз қарияларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Марғилон шаҳрининг “Туягум”, “Ёвқочар”, “Галатой” маҳаллаларида бўлган партия вакиллари оилаларга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларга  саломатликни асраш, ваҳимага берилмаслик, турли асоссиз миш-мишларга ишонмаслик, касаллик юқишидан ҳимоя қилувчи турли воситалардан унумли фойдаланиш тўғрисида тушунчалар бердилар.

- “Ёвқочар” маҳалла фуқаролар йиғинимизда 884 та хонадон  истиқомат қилади, – дейди МФЙ раиси Раҳматжон Акрамов. –  Бугунги вазиятдан англашимиз мумкинки, барчамиз бирлашишимиз керак ва бир-биримизга кўмак беришимиз зарур. Партиянинг  ташаббуси эса бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

– Неча йилдан бери  хастаман, – дейди  Саодат ая Дадабоева. – Эътибор кўнглимни тоғдек кўтарди. Мени йўқлаганларга раҳмат.  Қолаверса партия вакиллари аҳволим билан танишиб, саломатлигимни тиклашга кўмаклашадиган бўлдилар.

 Шунингдек, учрашувларда ниқоб тақиб юриш касаллик тарқалишининг олдини олишда бирламчи зарурат эканлиги, бепарволик салбий оқибатларга олиб келиши таъкидланди.     

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+