Фидойи шифокорлар орасида партиядошларимиз кўп

18.09.2019 12:09:34

Касблар хилма-хил, бироқ уларнинг орасида энг машаққатли ва шарафлиси шифокорликдир. Инсонлар саломатлигини тиклашда уларнинг ўрни ва меҳнати беқиёс. Яқинда Чилонзор туманидаги 35-оилавий поликлиникада бўлиб, у ерда фаолият юритаётган шифокор ходимларнинг фидокорлигига тасанно, дегим келди. Электоратимизнинг таркибида тиббиётчилар ҳам бўлганлиги сабабли уларнинг иш жараёнига ва мавжуд муаммоларига қизиқдим.

Бугунги кунда мазкур муассаса ҳудуддаги 38 009 нафар фуқарога хизмат кўрсатмоқда. 21 нафар юқори малакали шифокорлар ҳамда 48 нафар тажрибали ҳамширалар беморлар дардига даво топмоқда. Маълум бўлишича, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб, аҳоли таклифи асосида бош шифокор Лариса Тен бошчилигида кундузги шифохона ташкил этилди. Ҳозирда 11019 нафар туғуруқ ёшидаги аёлларга, 9321 нафар 14 ёшгача бўлган болаларга, 1638 нафар 15-17 ёшгача бўлган ўсмирларга малакали шифокорлардан М.Султонова, Э.Рашидова, М.Қодировалар тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

-Давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимида қабул қилинган қарор ва фармойишларнинг ижросини самарали таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз, - дейди кундузги шифохона шифокори Моҳира Султонова – Албатта, бунда патронаж хизмати йўлга қўйилиб, кекса-нуронийлар, ёлғизлар, ногиронлар, ҳомиладор аёллар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, зиммамизда инсон ҳаётини сақлашдек улкан вазифа турган экан, бу жараёнда уларга сидқидилдан ёрдам кўрсатишимиз лозим.

Танишиш давомида барча хоналардаги иш ҳолатини кузатар эканман, шифокорларнинг очиқ юз билан қаршилаши, ширин сўз билан беморларнинг жонига малҳам бўлишаётгани ҳайратда қолдирди. Очиғи сўнгги пайтларда шифохоналарда мана шундай самимий муомалага, касбга бўлган масъулият, фидойиликка дуч келмаган эдим. Шифохонада турли ёшдаги, турфа табиатли инсонларнинг мурожаатига гувоҳ бўлдим. Шифокорлар уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор кўрсатаётгани, касаллик тарихини эринмасдан ўрганишаётгани, аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг зарурий чораларини кўришга киришишлари, бурчига бўлган садоқатнинг яна бир ифодасидир, десам муболаға бўлмайди.

Суҳбат асносида яна бир жиҳат беҳад қувонтирди. Буни қарангки, мазкур шифохонанинг бир қатор ходимлари партиямиз аъзолари экан. Мулоқот чоғида сайловолди дастуримиз юзасидан ўзларининг таклиф-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтишди.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт тизимида ана шундай эгнидаги оқ халатидек соф кўнгилли, нияти пок шифокорларимиз бор экан, халқимиз орасида уларнинг қадри ҳамиша баланд бўлиб қолаверади.

file

   Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+