Фойдаланилмаётган бинолар – депутат назоратида

10.09.2019 11:09:00

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги  Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳида “Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда депутатларнинг иштироки” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда депутатлик гуруҳи аъзолари ва партия фаоллари  ҳамда  ОАВ  ходимлари  иштирок  этди.  

Йиғилишда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдубоқиев Сиддиқжон Ахмаджонович иштирок этди.

Таъкидлаш лозимки, амалдаги йилни республикамизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея номланиши соҳага бўлган эътиборни янада оширди.

Ташаббускор тадбиркорларни ҳам молиявий, ҳам ҳуқуқий ҳимоялаш ҳисобига улар томонидан қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу айни вақтда ишлаб чиқаришни ривожлантиришда хусусий секторнинг иштирокини янада ошириш, иқтисодиётимизни юксалтириш ва энг муҳими аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бироқ давлатимиз раҳбари раислигида 2019 йил 2 август куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида кўрсатиб ўтилганидек, тизимда ҳали ечимини кутаётган қатор вазифалар турибди. Айрим мулкдорлар жойлардаги биноларга эгалик қилиш билан чекланиб қолмоқда. Бино ва ер майдонларидан мақсадли фойдаланилмаяпти.

Шу сабаб фойдаланилмай турган ер майдонларини тадбиркорларга олиб бериш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.

Андижон вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан илгари сурилган қурилиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларнинг муддатларини қисқартириш бўйича “Андижон тажрибаси” ташаббуси бу борада катта қадам бўлди.

Мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан ўрганишлар натижасида вилоятдаги қатор бўш турган бинолар ўз эгасини топди.

Бугунги кунда “Адолат”чилар фаолиятида ҳам бу масала кенг ўрин эгалламоқда.  Халқ вакиллари ўз сайлов ҳудудларида  тарғибот ишларини олиб бориш билан бирга мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга эътибор қаратмоқдалар.

Ўтган ойда Бўз ва Мархамат туманларида жамоатчилик назорати тартибида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бунда асосий эътибор тадбиркорларнинг ўз тасарруфидаги ер ва бинолардан қай даражада самарали фойдаланаётгани, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли бандлигига қаратилди.

Имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаётган мулк эгаларига кўрсатмалар берилди. Эндиликда бу масала маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссияларда ўрганилиб, сессияларда кўриб чиқишга тайёрланмоқда.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Зухрахон Комилова, депутат Бахтиёржон Комиловларнинг маърузалари эшитилди. Иштирокчиларнинг мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.

Йиғилиш якунида фойдаланилмаётган ер майдонларида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда хусусий секторнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Акбаржон  НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши  

матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+