Форишда депутат ташаббуси билан 30 йиллик яроқсиз кўприк таъмирланди

11.09.2020 11:09:28

Халқ ишончи ҳар нарсадан устун. Мазкур ҳикматли иборани ўзининг кундалик ҳаётий шиори деб қабул қилган Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Музаффар Қозоқов ўз сайлов округидаги аҳоли муаммоларини мунтазам тинглаб, уларни ижобий ҳал этишни ўзининг асосий бурчи деб билади.

Ушбу тумандаги “Қўлба” маҳалла аҳолисининг кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларига халқ вакили кўмагида ечим топилди.

Хусусан, мазкур маҳалла ҳудудини кесиб ўтувчи “Қўлба” сой устига эски қўлбола услубида ёғочдан ясалган кўприк хавфли бўлсада одамлар фойдаланишга мажбур бўлишган. Мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган ҳамда сойнинг нариги томонида жойлашган 12-умумтаълим мактабида таълим олаётган 200 га яқин мактаб ўқувчилари ҳам қишин-ёзин хатарли кўприк устидан ўтиб-қайтишган.

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати Музаффар Қозоқов муаммони жойига бориб ўрганган ҳолда маҳалла аҳлининг бу машаққатини енгил қилиш учун бош бўлди. Депутат томонидан мазкур муаммонинг ҳал этилиши юзасидан туман ҳокимига мурожаат қилинди. Депутатнинг мурожаати эътиборсиз қолмади.

Туман ҳокимининг ёрдами ва депутатнинг шахсий маблағи ҳисобидан мазкур кўприк таъмирланди.

-30 йилдан буён мазкур кўприкнинг носозлиги аҳолини хуноб қилар, болалар мактабга қатнаш учун қийналарди - дейди “Қўлба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳикматилла Қурбонов - Туман ҳокими ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Музаффар Қозоқовнинг ташаббуси билан эски, яроқсиз кўприк қайта таъмирланди. Мазкур кўприкнинг обод қилиниши маҳалланинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга аҳоли қулайлиги ва хавфсизлиги учун ҳам замин бўлди.

Эндиликда мазкур кўприкдан ёшу-қари ҳеч қандай хатарсиз ўтиб-қайтишлари мумкин.  

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+