Фракция аъзолари иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг карантиндаги фаолиятига оид таклифлар бердилар (+Видео)

13.05.2020 13:05:36

13 май куни “Адолат” СДП ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан “Карантин шароитида иқтисодий-ижтимоий соҳалар фаолиятини самарали ташкил этишда парламент ва маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳамкорлиги” мавзусида семинар ташкил этилди. Видеоселектор шаклида ўтказилган тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, партия раҳбарияти, Тошкент вилояти ва туман, шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, фаоллари ва иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, қабул қилинган ҳужжатларнинг жойларда сифатли бажарилишига ижро органи қанчалик маъсул бўлса, халқ вакиллари, депутаталар ҳам шунчалик жавобгардир. Чунки депутатларга жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб бориш бўйича барча ваколатлар белгилаб берилган. Улардан сифатли фойдаланиш учун эса, аввало, туман, шаҳар, вилоят ҳамда Қонунчилик палатаси депутатларининг ўзаро ҳамкорликда, узвийлик асосида фаолият юртиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бугунги карантин шароитида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, онлайн таълим олиш, ишлаб чиқариш каби соҳалар борки, уларга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш талаб этилади.

Семинарда ушбу масалалар бўйича Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Тошкент вилоятида депутатлик назоратини амалга ошириш юзасидан ҳамкорликда қилинадиган ишлар хусусида сўз борди.

Жумладан, пандемия билан кураш авжига чиқаётган айни кунларда тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга оид Президент қарори имзоланди. Ҳудудларда мазкур қарор талаблари ва ижросини депутатлар томонидан ўрганиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўз эгасига етиб бориши ва унинг манзилли сарфланиши, махсус шифоханада ишловчи шифокорларни танлашда коррупцияга йўл қўйилмаслиги ҳамиша депутатлар назоратида бўлиши лозим. Бундан ташқари шифокорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласи “Адолат” СДП дастуридан ўрин олгани мазкур йўалишга партия депутатлари алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини англатади.

Шунингдек, таълим олишнинг масофавий йўналишларига ўтиш масаласи ҳам партия дастуридан ўрин олган эди. Айни пандемия вақтида бу масала долзарб аҳамият касб эта бошлади ва мамлакатимиздаги таълим муассасалари масофавий, онлайн таълимни йўлга қўйилди. Аммо вазият кўрсатмоқдаки, бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар мавжуд. Яъни сайловчилар томонидан адабиётлар ва керакли дастурларнинг электрон базаси етарли эмаслиги, ҳудудларда интернет тезлигининг қониқарсизлиги, барча муассасаларда ҳам онлайн дарслар ўз вақтида ва талабга жавоб берадиган даражада ташкиллаштирилмаётгани таъкидланмоқда. Шунинг учун мамлакат келажагини билимли, рақобатбардош кадрлар ҳал қилаётган даврда бу масала ҳам депутатлар диққат марказида бўлиши лозим.

Шу билан бирга фракция аъзолари фуқароларни томорқадан сифатли фойдаланиш бўйича жуда катта потенциал мавжуд бўлган Тошкент вилоятида мазкур йўналишни янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаб олишди. Энг асосий истеъмолчиси пойтахт аҳолиси бўлган ва сув таъминоти, логистика бўйича барча қулайликларга эга вилоятда ҳали бу бўйича ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда маҳаллий кенгаш депутаталари олдида ҳали кўплаб вазифалар турибди. Бундан ташқари халқ вакиллари учун томорқадан фойдаланишда аҳоли дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш ҳам асосий йўналишлардан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда шунингдек, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиётидаги йўқотишларни камайтириш мақсадида Махсус комиссия қарори билан ўз фаолиятларини бошлаган корхоналар фаолияти депутатлар томонидан ўрганилиши лозимлиги таъкидланди. Бунда асосий эътибор карантин меъёрларини инобатга олинган ҳолда ташкил этилганлиги ҳамда ишчи-ходимлар хавфсизлиги учун санитария қоидаларига риоя қилинганлик даражасига қаратилади. Шу орқали ҳудудларга солиқ тушумлари кўпайиши ва даромадсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш имонияти пайдо бўлади. Бундан ташқари корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳозирда қанчалик талабга эга эканлиги ҳам инобатга олиниши лозимлиги қайд этилди.

Семинар якунида Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда юқоридаги йўналишлар бўйича Тошкент вилоятида ўрганишлар ўтказиш учун ишчи гуруҳлар шакллантирилди ва зарур чора-тадбирлар белгиланди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+