Фуқаролар депутат кўмагида кредит олишди

14.10.2019 14:10:46

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жойларда аҳоли муаммолари ҳал этилмоқда. Албатта, баъзи мурожаатлар жойида бартараф этилса, баъзилари эса тегишли ташкилотларга берилган депутатлик сўровлари асосида ечилади. “Куч - бирликда” деганларидек, депутатлар ва партия фаолларининг олиб бораётган ўрганишлари ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарларининг эътибори  сабаб аҳоли манфаатлари йўлида амалий ишлар сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман Кенгаши ходимлари ва Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутати Ҳафиза Тўхтаева тумандаги “Ҳукуматобод” МФЙ “Ҳукуматобод” қишлоғида бўлиб, аҳоли орасида мавжуд камчиликларни ўрганди. Турли мазмундаги муаммолар депутат ҳамда партия фаолларининг ташаббусини шакллантириш баробарида масъулиятини оширди.

Учрашувлар давомида ҳудудда яшовчи тўрт нафар фуқаро – Отажон Ҳайдаров, Райҳон Саидова, Азамат Муқимов, Нодира Худойқуловалар хонадонини таъмирлаш мақсадида зарур қурилиш материалларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини билдирган эди. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Ҳафиза Тўхтаева муаммо юзасидан уларнинг оилавий шароитини ўрганиб чиқди. Ўрганишлар асосида эса АТБ “Когон қурилиш банк” Когон филиалига депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, муаммони бартараф этилишида, фуқароларнинг имтиёзли кредитдан фойдаланишларида кўмаклашди. Банк мутассаддиларининг эътибори ҳамда депутатнинг масъулияти туфайли фуқароларга ўн беш миллион сўмдан ажратиб берилди.

-Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман Кенгаши ходимлари ва депутатларининг ўрганишлари асосида ҳудудимизда жуда кўп муаммолар ечилмоқда. Айниқса, кам таъминланган оилаларга берилаётган ижтимоий кўмак, ёшларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланишларига қаратилаётган эътибор бизнинг депутатга, партия ходимларига бўлган ишончимизни оширди. Уйимни таъмирлаш мақсадида банкдан кредит сўраган эдим. Лекин вақтида ҳал этилмади. Депутат билан мулоқот қилган чоғимда кредит масаласини айтган эдим, уч кун ичида муаммо ўз ижобий ечимини топди, - дейди Нодира Худойқулова.  

Суҳбатга қўшилган Отажон Ҳайдаров эса партия фаолияти билан мунтазам равишда танишиб бораётганлиги, депутатларнинг муаммолар ечимига эътибор билан қараб келаётганлиги, унинг кредит масаласи билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал этилганлигини мамнуният билан билдириб ўтди.

Жойларда бўлиб ўтаётган бундай мулоқотлар аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиш баробарида уларнинг партия ҳақидаги қарашларини шакллантиришда ҳам хизмат қилади.

Мактуба ҲАМРОЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Когон туман Кенгаши раиси

   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+