Фуқаролар нега безовта?

05.08.2020 00:08:57

Халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ўз фаолиятларини бугунги кун талабидан келиб чиқиб ташкил этмоқдалар. Энди хонада ўтириш билан иш битмайди. Жамоатчилик орасига кириб бориш, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш билан чегараланмай, уларнинг ечимини топиш лозим. Бу уларнинг асосий иш меъзони.

Очиғи, илгарлари ҳафтанинг маълум бир кунида сайловчилар билан учрашиб, улар эшитиларди. Бугун бу тартиб ўзгарди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари керак бўлса ҳар куни ўз сайлов ҳудудида. Давлатимизнинг бугунги сиёсати, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришларни фуқароларга тушунтириш баробарида ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга эътибор қаратиляпти. Сайловчиларнинг  ҳам ўз вакилларига ишончи ортиб, мавжуд муаммолар юзасидан биринчи навбатда депутатларга юзланяпти.

Йилнинг ўтган даврида депутатлик гуруҳи аъзоларига 40 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор, бу зиммамиздаги масъулиятни онада оширяпти. Қолаверса, сайлов жараёнида бизга билдирилган ишончни оқлашимиз керак.

Ҳудудлар кесимида олганда “Тошлоқ” маҳалласида яшовчилардан энг кўп мурожаат келиб тушди. Фуқаролар нега безовта? Бу савол бизни манзилга бошлайди. Масала ўрганилади, ечимини топмагунча тинчимаймиз.

Хўжи тўпи кўчасида жойлашган наъмунавий уйларга чегарадош собиқ машина трактор парки тадбиркор О.Акбаров ихтиёрига берилган. У аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида фабрика қуришга киришди. Албатта, буни қўллаб-қувватлаш лозим. Бироқ янги бино маҳаллага киришга ноқулайлик туғдира бошлади. Устига устак ёнғин хавфсизлиги йўлагини ҳам тўсиб қўя бошлади. Маҳалла аҳлидан айни шу масалада мурожаат келиб тушди.

Депутатлар аралашуви билан муаммо ечилди. Ўз навбатида йўл кенгайтирилди. Масъул ташкилотлар қурилишни ўз назоратига олди.

“Шўрқишлоқ” маҳалласида кўп йиллардан бери ичимлик сув муаммо. Депутат Муҳаммаджон Маманов бу борада туман “Сувоқава” ДУКга депутат сўрови юборди. Натижада Обод кўчасида 1 километр сув қувурлари ётқизилиб, оби ҳаёт кела бошлади. 

Депутат Муҳаммадсидиқ Эргашевга қилинган яна бир мурожаатда “Роввот” маҳалласини ичимлик суви билан таъминлаш ва Марғилон-Қува-Марҳамат йўлини таъмирлашда ёрдам сўралганди. М.Эргашев бу масалалар юзасидан туман “Сувоқава” ДУК ва Марҳамат туман йўллардан фойдаланиш бўлимига депутат сўрови билан чиқди. Натижада Анхор бўйи кўчасига 1 километр сув қувурлари ётқизилди. Ипак йўли кўчасида 5 км. шағаллаш ишлари амалга оширилди.

Бугун зиммамиздаги масъулият янада ортган. Тождор душман номи билан кириб келган COVID-19 халқимиз билан доимий ҳамнафас бўлишни талаб этяпти. Нафақат фуқаролар саломатлигини ҳимоялаш, айни вақтда тушкунлик кайфиятини олдини олиш ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишга ўргатиш зарур. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва бу йўлда жамоатчилик назоратини ўрнатиш бош вазифамиздир.

Аблиёр ҚОРАЕВ,

халқ депутатлари Марҳамат тумани Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гурухи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+