Ғалвирни сувдан кўтариш вақти келди

07.09.2019 14:09:49

Бугун юртимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар жамиятимизда қонун устуворлигининг таъминланишига ҳар томонлама масъулдирлар. Партия томонидан муносиб номзодлар кўрсатилса, халқ уларни саралаб танласа, масъулиятли, фидойи, жонкуяр депутат сайланса, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни тўлақонли амалга оширилишига эришамиз.

Ўзим раҳбарлик қилаётган партия Булунғур туман Кенгаши мисолида оладиган бўлсак, партия депутатлик гуруҳи томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан бир қатор масалаларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 23 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Шундан 21таси ижобий ҳал этилиб, қолганлари бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Туман депутатлик гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаш сессияси кун тартибига 2та, доимий комиссиясиларга муҳокама учун 2та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифалардан бирига айланган бугунги кунда депутатларимиз ҳам ёшларни ишга жойлашишларида, имтиёзли кредитлар олиб ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларида кўмакчи бўлиб келмоқда. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида депутатимиз Обид Саттаров томонидан 30 га яқин уюшмаган ёшлар ишга жойлаштирилди.

Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларидаги санитария гигиена талабларига риоя этиш ҳолатлари, болаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари ўрганилиб, мавжуд муаммоларга мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратган ҳолда ечим топилди.

Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугунги кун талаблари кечагиникидан тубдан фарқ қилади. Бугун депутатлар халқ ишончини оқлайдиган вақт келди, ишончни оқлаш учун барча имкониятларни ишга солиш керак. Халқнинг ишончини оқламас, берган ваъдаларимиз устидан чиқа олмас эканмиз, халқнинг партияларга, бизга нисбатан ишончи йўқолиб бораверади. Яқинлашиб келаётган сайловлар ҳар бир сиёсий партияни халқ синовидан ўтказади. Бир сўз билан айтганда ғалвирни сувдан кўтариш вақти келди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга Ўзбкистон “Адолат” СДП тизимида ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик партиялар фаолиятига таҳлилий ва танқидий хулосалар ясайди. Айниқса ўзимиз кўрсатаётган номзоднинг билим, савияси ва дунёқараши юқори бўлиши билан бирга сайловчилар уларни яхши билиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрнига партиямиз депутатликка 1500 дан ортиқ номзодлар заҳирасини шакллантиришда бошланғич партия ташкилотларининг фидойи аъзолари, маҳаллий кенгашларда фаоллиги билан ажралиб турган депутатлар ҳамда партия экспертларига асосий эътибор қаратилмоқда. Ишонаманки, халқимиз ўзи муносиб номзодларни танлаб олади.

 

Насибали МАМАДИЯРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Булунғур туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+