Газ сизиб чиқаётган хонадонда муаммо ҳал қилинди

11.11.2020 21:11:10

Халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари тумандаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда ташаббус билан чиқмоқда. Қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш халқ вакилларининг доимий эътиборида. Шунингдек, амалдаги йилда пандемия сабаб соғломлаштириш ва бандлик масаласи долзарб вазифалардан бирига айланди.  Айни шу мақсадда жойлардаги ўрганишлар ва ўтказилган акциялар натижасида ҳудудлардаги 85 та муаммо ечимини топди. Натижада жамоатчиликда “адолатчилар”га бўлган ишонч ортди.

Куз-қиш мавсумида аҳолига янада қулайлик яратиш, уй-жой билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш бугуннинг вазифаси. Шундан келиб чиқиб депутатлик гуруҳининг сентябрь ойидаги навбатдаги йиғилиши айни шу масалага бағишланди. Алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқилиб, ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаш ва ечимини топиш белгилаб олинди.

Биринчи навбатда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ўрганилди. 1-кичик даҳадаги 33-кўп қаватли уйда қатор камчиликлар аниқланди. Фуқаро Мавжуда Раҳимова уйга муҳтож. Лекин бошланғич тўловни тўлаш қобилияти йўқ. Унинг фарзанди Азизбек Эргашев ишсиз.

Шу уйнинг 5-хонадонида истиқомат қилувчи Авазбек Жўрабоев 1984 йилда туғилган. Бир ўзи ёлғиз яшайди, уйга муҳтож. Яқинларининг уйларида яшаб, ҳунармандчилик билан кун кўряпти. Худди шундай муаммо 10-хонадонда яшовчи Наташа Қодировани ҳам қийнамоқда. Ўз уйига эга бўлиш унинг орзуси.

13-хонадонда яшовчи фуқаро Сусликов Владимирнинг нафақасидан ўтган ойда 76000 сўм фойдаланилган табиий газ учун ушлаб қолинган. Бироқ ушланган маблағ ҳеч қаерда кўринмаган. Фуқаро бу тўғрида кимга мурожаат қилишни билмайди.

Муаммолар бу билан тугамайди. Электр тармоқлари, табиий газ ва ободонлаштириш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш лозим. Туман «Тоза ҳудуд» корхонаси ходимлари нимагадир бу ҳудудга етарли эътибор қаратмаяпти. Нима қилиш керак? Депутатлар айни шу саволни туман раҳбарининг олдига қўйди. Натижада масъул ташкилотлар томонидан бу борада иш бошланди.

34-уйнинг 7-хонадонида яшовчи фуқаро Сурайё Собирова хонадонининг деразалари таъмирталаб, ёмғир ёғди дегунча сув киради. Фуқаро Г. Бўронов хонадонида газ сизиб чиқаётганлигидан шикоят қилди.  Ҳар икки масала юзасидан масъул ташкилотларга чиқилди ва муаммо бартараф этилди.

Партиянинг «Муаммо билан юзма юз» лойиҳаси доирасида депутатлар  Тараққиёт маҳалласидаги 44 та хонадонда бўлиб, фуқароларнинг яшаш шароити ва мурожаатлари билан танишди. Аксарият мурожаатлар жойида ҳал қилинди. 7 та масала юзасидан депутатлик сўрови чиқарилди.

1952 йилда туғилган фуқаро Муҳаббатхон Маҳкамовага эшитиш мосламаси зарур, Шоирахон Абдурасулова ва Раънохон Хошимжоновалар ўрта тиббиёт ходими, бироқ ҳозирда ишсиз. Ҳар икки муаммо ҳозирда назоратда.

Шу ўринда мулоҳаза: ҳар қандай муаммонинг ечими бор. Фақат буни тўғри кўрсата билиш лозим. Депутатлар бу борада сизнинг энг ишончли суянчингиз.

Дилфуза АҲМЕДОВА,

    халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+