Гулистондаги митинг коррупцияга нисбатан нафратни ифодалади

29.10.2019 13:10:33

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Гулистон туман Кенгаши “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида тарғибот митинги ташкил этди. Ҳудудий партия томонидан иккинчи бор ўтказилаётган ушбу мавзудаги тарғибот акцияси партия коррупция жиноятига қарши кескин кураш бошлаганлигини англатади. Гулистон туманидаги марказий  “Юрт байроғи” майдонида ўтказилган мазкур митингда партия ходимлари, депутатлар, Аёллар ва Ёшлар қаноти, фаоллар, партияни қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюрган кўплаб фуқаролар  ва ОАВ вакиллари қатнашишди.

Мамлакатимиз фуқаролари коррупция билан боғлиқ жиноятларга муросасиз. Улар бу иллатнинг бутунлай йўқ бўлиш тарафдоридирлар. Митингга йиғилган кўплаб фуқаролар  нигоҳидан буни пайқаб олиш қийин бўлмади. Улар туман партия Кенгаши раиси тилидан жаранглаган коррупцияга қарши хитобларни қийқириқлар садоси остида қарши олишди.

Манзура Донабоева, Гулистон туманида истиқомат қилувчи фуқаро

-Партия ташаббуси билан бўлиб ўтаётган ушбу митинг бизга жуда манзур келмоқда. Айниқса, унда кўтарилган коррупцияга қарши кураш  мавзусига биз тўлиқ қўшиламиз. Чиндан ҳам шу иллат туфайли жамиятда адолатсизликлар кўп учрамоқда. Халқ бундан қийналмоқда. Бизнинг “Сойибобод” қишлоғида ҳам электр симёғочлари жуда ачинарли аҳволда. Депутатлар ёрдами билан яқин орада ушбу муаммо ҳал этилай деб турибди. Бунинг учун партияга миннатдорчилик билдирамиз.

Дарҳақиқат, коррупция мамлакат илдизини тубидан емирувчи иллат. У мавжуд жойда нафақат тараққиёт ортда қолади, балки миллионлаб фуқароларни муаммолар гирдобига тортади. Шу боис, халқ бу иллатни ёмон кўради. Партиянинг бўлғуси сайловолди дастуридан жой олаётган мазкур жиноятга қарши келтирилган бандлар халқ кўнглида айтилмай турган гапларнинг инъикоси бўлди. Бўлғуси сайловолди дастуримиз билан таништирилган халқ митингда партияга янада яқинроқ бўлди. Коррупцияга қарши ишлаб чиқилаётган низомни тўлиқ қўллаб-қувватлашди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

        

                                                                                                                                                                                                                                              

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+