Халқ билдирган ишонч ўзини оқлашга киришди

24.02.2020 12:02:37

Депутат халқ муаммоларини ижобий жиҳатдан ҳал этишга киришар экан, албатта, билдирилган ишончни оқлаши, муаммоларга қўл учида эмас, аксинча, астойдил ёндашган ҳолда уни амалда кўрсатиши шарт.

2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловда фуқаролар ўзлари ишонган муносиб номзодга овоз беришди албатта. Шундай экан, ҳар бир депутат фаолиятига эътибор билан қараши, халқ билан яқиндан мулоқот олиб бориши лозим. Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқ бирдирган ишончни оқлашга киришишди.

Когон шаҳридаги “Фурқат” МФЙ “Кончилар” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Меҳмон Албердиев депутатлик гуруҳи аъзоларига ногиронлик аравачасига муҳтожлигини билдиргач, депутат Ражабали Ашуров Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига ўзининг депутатлик сўровини киритди. Мутасадди ташкилот вакиллари сўров моҳиятидан келиб чиққан ҳолда фуқаронинг аҳволини ўрганишди ҳамда тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбасига тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхати берилгач, депутат кўмагида фуқаронинг муаммоси ҳал этилди. Унга ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

“Беруний” МФЙ “Истироҳат” кўчасида истиқомат қилувчи 78 ёшли Бахшан ая Қурбонова ҳам ногиронлик аравачасига муҳтожлигини билдириб ўтгач, депутатлик гуруҳи аъзолари шаҳар тиббиёт бирлашмасига тегишли тартибда сўров билан мурожаат қилди. Сўров моҳиятига ташкилот мутасаддилари ижобий жиҳатдан ёндашишди, қилинган ўзаро кўмак асосида фуқаро ногиронлик аравачаси билан таъминланиш арафасида эканлигини қайд этиш мумкин.

“Бунёдкор”, “Беруний” МФЙдаги “Нуробод” кўчаси, “Махтумқули” МФЙдаги “Ашхобод”, “Махтумқули”, “Боғичинор” кўчаларида бўлган партия ходимлари ва депутатларга аҳоли тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш масалалари билан мурожаат қилишган. Албатта, муаммоларга депутатлар томонидан жиддий ёндашилган ҳолда Когон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови тақдим этилди ҳамда сўровга жавоб тарзида юқорида тилга олинган муаммони ҳал этиш масаласи 2021 йил “Обод маҳалла” давлат дастурига асосан босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қилишган.

- Партия депутатларининг муаммоларни жойларга бориб ўрганиши биз, фуқароларга, анча қулайлик яратди. Хусусан, муаммоларимиз ўз ечимини топмоқда, ижобий жиҳатдан ҳал этилишига эришилмоқда. Биз депутатларнинг бу каби фаолиятларини доим қўллаб-қувватлаймиз, уларга куч-қувват тилаб қоламиз, – дейди суҳбат чоғида “Беруний” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Дилбар Бахронова.  

Ўрганишлар давомида келиб тушган ҳар бир мурожаат адолатчи депутатлар томонидан алоҳида эътиборга олинар экан, ана шу эътибор эса уларнинг фаолиятига бўлган масъулиятини оширади. Зеро, бугунги кун депутати бугунги кун сайловчисига эътиборли бўлиши зарур.

 

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+