Халқ фикрига таянган адашмайди

26.10.2019 16:10:16

Жорий йилги сайловларда муваффақиятли иштирок этиш, партиядан кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг кўпчилик овозига эга бўлиши Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмалари, айниқса, партия депутатлари томонидан сайловлар оралиғида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларга ҳам узвий боғлиқдир. Айни кунларда ўтказилаётган ҳудудий партия ташкилотларининг ҳисобот-конферанцияларида шу мавзуда танқидий-таҳлилий жиҳатдан сўз юритилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.   

Наманган вилоят партия кенгашининг VIII ҳисобот-сайлов конференциясида мазкур ташкилотнинг ҳисобот даврида дастурий вазифаларимиз ижросига доир фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев ўз маърузасида кейинги уч йилда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, сиёсий соҳада ҳам катта ўзгаришлар рўй берганини қайд этди.

— Бугунги кунда вилоятда 536 БПТга бирлашган 28600 нафардан зиёд сафдошларимиз партиямизнинг ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилишда, сайловолди дастурида қўйилган вазифаларни бажаришда фаоллик кўрсатмоқдалар, — деди И.Жўраев. — Ўзбекистон “Адолат” cоциал-демократик партияси вилоят ташкилоти ўз фаолиятини янги талаблар асосида қайта қуришга ҳаракат қилмоқда. Ҳисобот даврида электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга ҳаракат қилдик. Жумладан, 2018-2019 йилларда вилоят партия кенгаши тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 260 та мурожаат келган бўлиб, уларнинг 176 таси партия депутатлари томонидан тегишли ижро органларига депутатлик сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 74 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. 10 та мурожаат айни вақтда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.

Партиямиз лойиҳалари доирасидаги амалий ишлар фуқароларда илиқ муносабат уйғотмоқда. Хусусан, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни партия депутатлари ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳлар жами 1490 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 15492 та хонадонларга ва 819 та ижтимоий ташкилотларга ташриф буюрилди. Шу орқали аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ечим топишда кўмаклашилди. Юзма-юз мулоқотлар жараёнида тушган 2916 та мурожаат  юзасидан  тегишли ташкилотлар мутасаддиларига 192 та депутатлик сўрови чиқарилиб,  муаммолар ҳал этилди.  468  фуқарога эса  мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат  берилди.

Шунингдек, партиянинг янги лойиҳаларидан бири бўлган  “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 2019 йилнинг 9 ойи давомида бир қатор ишлар  амалга оширилди. Натижада 189 нафар тайинли бир машғулотга эга бўлмаган кишилар ишга жойлашди. Аммо ҳамма ерда ҳам бу борада яхши кўрсаткичларга эришилгани йўқ. Мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни Наманган, Норин, Чуст, Янгиқўрғон, Поп  туманлари партия кенгашлари ҳам тўғри ташкил этганида натижалар янада салмоқли бўлар эди.

 Анжуманда сўзга чиққан партия фаолларидан Рустамжон Хўжамбердиев, Содиқжон Аҳмедов, Саидолим Абдураҳмонов, халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Дилбар Асқарова ва бошқалар эришилган ютуқлар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритдилар.

Шу билан бирга, жорий йилги сайловларда муносиб иштирок этиш ҳақида сўз кетар экан,  энг аввало, аввалги сайловдаги натижаларни танқидий таҳлил этиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Маълумки, 2014 йилда Наманган вилоят партия ташкилоти кўрсатган номзодлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига икки нафар, халқ депутатлари вилоят  Кенгашига — 8, шаҳар ва туманлар Кенгашларига 48 нафар депутат қилиб сайланган эди. Бўшаб қолган депутатлик ўринларига эса партия номзодларидан икки нафари сайланган.

Албатта, бу натижалар бизни қониқтира олмайди. Айрим жойларда муносиб номзодлар кўрсатилмаганлиги, уларни саралашга эътиборсиз ёндашув шаклланганлиги, сайловларда ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари раислари ўз номзодини тегишли давлат ҳокимияти вакиллик органларига илгари сурмаганлиги салбий аҳамият касб этганлиги эндиликда ҳеч кимга сир эмас.

Қолаверса, сайловларни юқори даражада ташкил этиш юзасидан партия кадрлари учун мақсадли ўқув етарли даражада олиб борилмаганлиги, кадрлар қўнимсизлиги, қатор сайлов участкалари партиядан кузатувчи ва ваколатли вакил билан таъминланмаганлиги, номзодларимиз ҳам тарғибот тадбирларини кам ташкил этганлиги муваффақиятга эриша олмаганимизга сабаб бўлди.

 Жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида бундай камчиликларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Яқинда кузатувчилар ва ваколатли вакиллар ўқуви ташкил этилди. Сайловолди кампаниясини ташкил этиш учун  амалий қўлланмалар, адабиётлар билан таъминланган. Сайлов штаблари ташкил этилган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ғоялари, дастурий мақсад ва вазифаларини аҳолига тушунтириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларини кенг оммавий ва жамоатчилик орасида намойиш этиш ҳамда фуқароларнинг сиёсий маданиятини ошириш мақсадида партия шиорлари остида митинг ва бошқа тарғибот тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга йўналтирилган.

Мазкур ҳисобот-конференцияларда партиямизнинг навбатдаги Қурултойига делегатлар сайланди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот хизмати ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+