Халқ ишончи – амалий натижаларга боғлиқ

20.11.2020 14:11:43

Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади. Барчамизга маълумки, мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларнинг замонавий босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишдаги роли ва масъулияти ортиб бормоқда.

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ва тегишли сайлов округлари аҳолиси ўртасидаги мулоқотни амалга ошираётган партия гуруҳлари давлат ҳокимияти органлари очиқлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.  Шундан келиб чиққан ҳолда партия гуруҳлари ўз партияларининг жойлардаги дастурий мақсадларини амалда рўёбга чиқаришнинг асосий функционал бўғинига айланмоғи лозим. Шу маънода бугунги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари партиянинг депутатлик гуруҳлари фаолиятини  янада кучайтириш, замон талабига мос янгича ёндашувлар билан ишлашни тақозо этмоқда.  

Шунингдек, депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги аниқ вазифаларни ҳал этиш  ишларига фаол таъсирини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия даврида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ва қонуний тартибда ечим топиш орқали депутатлар сайловчилар ишончини оқлашга, жойларда қонун устуворлигини таъминлашга эришадилар. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шу мақсадда партия депутатлик депутатлик гуруҳи томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш замон талабига айланган. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг  муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим. Аҳоли билан ҳамнафас ишлашда, айниқса тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида зарур масалаларни аниқлаб олиш имконияти туғилади. Бу борада депутатлик сўрови ва партия гуруҳи сўрови каби депутатлик назорати воситаларидан фаол фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу масалаларни дастлабки кўриб чиқиш жараёнида тегишли доимий комиссиялар мажлисларида фаол иштирок этиш, шунингдек, партия дастурий мақсадларига эришиш ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ўз таклифларини доимий комиссия ва сессия муҳокамасига киритишда депутатлик гуруҳи аъзолари фаоллик кўрсатиб келишмоқда.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушунтириш бериш ёки ўз позициясини баён қилиш талаби билан 200 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилган.
Улардан 68 таси қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси депутатлик назорати бўйича, 130 дан ортиғи фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал этилган шикоятлар бўйича киритилган депутатлик сўровларидир. Ушбу юборилган депутатлик сўровларининг 134 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 66 та сўровни ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Депутатларнинг ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллари жараёнида Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Дилмурод Худайшукуров томонидан Жиззах шаҳридаги ижтимоий ёрдамга муҳтож 37 оила ҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳи аъзоси Нигора Бозорбоева томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Ғаллаорол тумани “Лалмикор” ҚФЙга банкомат ўрнатиш масаласида юборилган депутатлик сўрови натижасида ушбу ҚФЙ биносига банкомат ўрнатилди. Қолаверса, ушбу ҚФЙда истиқомат қилувчи фуқаро А.Азизов хонадонида иссиқхона ташкил этиш учун кредит олиш мақсадида қилган мурожаати асосида депутат Н.Бозорбоева томонидан банкдан имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди. 

Бундан ташқари, депутат Н.Бозорбоева томонидан Ғаллаорол тумани “Мулкуш” ҚФЙ Тепа Мулкуш қишлоғи ҳудудидаги 2520 метр масофадаги йўлга шағал ётқизилиб, ҳудуддаги 22 та хонадонга яроқсиз симёғочлар ўрнига давлат стандартига мос хавфсиз электр симёғочлари ўрнатилишга эришилди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 142 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди. Депутатлик гуруҳи аъзолари тиббиёт соҳасида ҳам юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида аҳолига кўмак бериб келмоқдалар. Жумладан, Мирзачўл тумани Янгидала қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Воҳидов, Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Олимовлар соғлиги ёмонлашганлиги сабаб, даволанишларида ёрдам беришни сўраб депутатлик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилишган. Уларнинг мурожаатлари ўрганилиб, фуқароларнинг моддий жиҳатдан кам таъминланганлигини эътиборга олган ҳолда туман тиббиёт бирлашмаларига  депутатлик сўрови билан мурожаат қилиниб, улар зарурий дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланди ҳамда ўз ҳудудидаги шифохоналарга даволаниш учун ётқизилди.

Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан партиянинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 200 нафарга яқин ишсиз ёшлар давлат ва хўжалик соҳаларининг турли йўналишларига ишга жойлаштирилди.

Депутатлик сўрови ва партия гуруҳи сўрови каби депутатлик назорати воситаларидан фаол фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу масалаларни дастлабки кўриб чиқиш жараёнида тегишли доимий комиссиялар мажлисларида фаол иштирок этиш, шунингдек, партия дастурий мақсадларига эришиш ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ўз таклифларини доимий комиссия ва сессия муҳокамасига киритиш лозим.

Партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Нурзода Каримова ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 10 та, вилоят Кенгаши сессияларига 5 та масала киритилди. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди.    

Партиямиз дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бошқарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, юзага келган муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиялари кун тартибига киритиш ва ижобий ҳал этиш маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда ўз фаолиятларининг самарадорлиги ортишига хизмат қилади. 

        

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+