Халқ саломатлиги йўлида

19.01.2021 16:01:09

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди. Шуниси диққатга сазоворки, ўтган қисқа муддат ичида вилоятимизда тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Бундан бизнинг туманимиз ҳам мустасно эмас.

Яқинда тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Бундан барча қатори “Адолат” СДП аъзолари бўлган шифокорлар ҳам бениҳоя хурсанд бўлишди. Чунки янги 70 ўринли бўлим намунали тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур барча асбоб-ускуналар билан таъминланган. Ўтган йил апрель ойида бинога тамал тоши қўйилган эди. Қурувчилар 3,3 миллиард сўм маблағ эвазига тиббиёт ходимлари ва беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган шифохонани бунёд этдилар.

Бўлим очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш тизимли равишда олиб борилаётганлиги яна бир бор таъкидланди. Шу билан бирга инсон ҳаётига дахлдор мазкур соҳада юксак масъулиятни зиммасига олган саломатлик посбонлари фидокорона меҳнат қилаётганлиги қайд этилди. Бу, айниқса, пандемия шароитида яққол намоён бўлди.

Бугунги кунда туманимизда 22 та бирламчи тиббий-санитария муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Улар орасида марказий шифохона, кўп тармоқли поликлиника, 6 та оилавий поликлиника, 14 та оилавий шифокорлик пункти бор. Ушбу соғлиқни сақлаш муассасаларида 3 минг нафардан зиёд саломатлик посбонлари меҳнат қилмоқдалар. Улар орасида ўнлаб партиядошларимиз ҳам борлиги барчамизни чексиз қувонтиради.

 

Зафаржон ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Поп туман

Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+