Халқаро алоқалар ривожи — ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим қадам

23.07.2019 11:07:56

Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, давлатлар ривожи учун туртки бўлмоқда. Жумладан жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида билдирилган ғоялар мазмун-моҳияти ҳам бу фикрларнинг яна бир тасдиғидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракция ва партия Сиёсий Кенгашининг Ижроий кумитаси билан биргаликда ўтказилган йиғилишида мамлакат тараққиётида ушбу нуфузли мажлиснинг аҳамияти, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар доирасида парламентлараро мулоқотни ташкил этиш, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни юзасидан фикр алмашилди.

Фракция аъзолари, давлатимиз раҳбарининг ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид илгари сурган олтита устувор мезонга таянган таклифлари долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Хусусан, Президентимиз ахборот технологияларини янада ривожлантириш, Ташкилот доирасида ушбу соҳага масъул идоралар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ташкил этиш, айниқса, киберхавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклифлари бугунги кунда ушбу йўналишнинг нақадар долзарблигини англатади.

Яна бир муҳим ташаббус, ҳамкорликнинг кенгайиши ва мамлакатлар ривожланишининг асоси сифатида ШҲТнинг Иқтисодий форумини мунтазам ташкил қилиш, илк форумни эса Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи ушбу соҳанинг тизимли ривожига ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари долзарб таклифларининг бешинчисида ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклаш, Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, унинг фаолиятига сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш бўйича айтган фикрлари сиёсий партиялар ҳаётида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.

Эътироф этилганидек ушбу ташаббус ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ШҲТга аъзо давлатлар партиялараро алоқалари томонлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади. Юртимизда фаолият юритаётган сиёсий кучлар бевосита хорижий давлатлардаги сиёсий партиялар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришади. Шу аснода улар билан кўп томонлама партиявий ҳамкорлик йўлга қўйилади, ўзаро тажриба алмашилади, зарур хулосалар чиқарилади.

Шунингдек, Юртбошимиз ШҲТ шаҳар ва минтақаларининг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини янада тўлиқ намоён этиш муҳимлигини таъкидлар экан, яна бир яхши анъанага асос солишни таклиф қилди яъни, ҳар йили Ташкилотда раислик қилувчи мамлакатдаги шаҳарлардан бирини
ШҲТ сайёҳлик ва маданий пойтахти, деб эълон қилиш таклифини барча иштирокчи давлат раҳбарлари ижобий баҳолангани бу ўзаро маданий ҳамкорликка ҳам катта йўл очиб беради.

Ушбу ташаббусларнинг ҳаётийлиги ва долзарблигини инобатга олиб, фракция депутатлари жойларда сайловчилар билан учрашувлари давомида ушбу таклифларнинг мақсад ва вазифалари, унда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуслари мазмун-моҳиятини, аҳамиятини халқимизга етказишга келишиб олдилар.    

Шундан сўнг депутатлар фракция аъзолари ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг тавсияси асосида соғлиқни сақлаш тизими ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ўрганишнинг якуний хулосалари, мутахассислар билан олиб борилган амалий мулоқотлар ва таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган.

Айтиш мумкинки, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ёрдамига муҳтож беморлар учун ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония қимматли. Афсуски, шифокорларнинг чақирув бўйича жойига вақтида етиб бориши билан боғлиқ муаммолар тез-тез учраб туради. Бунга ҳар қандай шошилинч ҳолатда ҳам тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳайдовчиларининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга мажбурлиги сабаб бўлмоқда. Баъзи кечиктириб бўлмайдиган шошилинч ҳолатларда эса тез тиббий ёрдам ҳодимлари йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлмоқда ва жавобгарликка тортилаётганлиги маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати хайдовчилари томонидан
2017, 2018 йилларда ва 2019 йилнинг январь ойида жами 1 644 та йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ва бу рақамлар йилдан-йилга ортиб бормоқда

Шу мақсадда, фракция аъзолари ташаббуси билан таклиф этилаётган Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тез тиббий ёрдам автомашиналарининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ амалиётдаги айрим муаммоли ҳолатлар бартараф этилишига хизмат қилади. Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатувчи транспорт воситалари хайдовчиларнинг асоссиз юридик жавобгарлигининг олди олинади.

Йиғилиш якунида шу ва бошқа масалалар бўйича депутатларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+