Халқаро кузатувчилар партия фаолияти билан танишди

06.12.2019 13:12:48

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлиги сайловига тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. Ушбу муҳим жараён сайловолди кампаниясида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳам фаоллик билан иштирок этмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари айни кунларда кенг миқёсда тарғибот олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари саҳифаларида, телевидение ва радиода тарғибот материаллари эълон қилиниши билан биргаликда  жойларда номзодлар сайловчилар билан учрашувларини ўтказмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишларни партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларидаги сайлов штаблари мувофиқлаштириб бормоқда.

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистон Республикасида парламент сайловларини кузатиш бўйича миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари Александра фон Аркс  (Швейцария) ва Йонас Сковруп Кристенсен (Дания) Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашига ташриф буюрди.

Халқаро кузатувчиларни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова кутиб олди. Улар билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида партия вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Асқар Холиқов, мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассис Азиз Хаитов ҳамда вилоят Кенгаши матбуот котиби Лола Сайидовалар ҳозир бўлишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова партиямизнинг тарихи ва тизими, дастурий ғоя ва мақсадлари, таркибий тузилиши ҳақида сўзлаб берди. Кейинги йилларда мамлакат миқёсида ҳам, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида ҳам унинг нуфузи тобора ошиб бораётганини таъкидлади. Бу аъзолар сонининг ортиб бораётганлигида, эгалланган депутатлик ўринлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари кўпаяётганлигида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
М.Бобобекова сайлов кампанияси тўғрисида гапирар экан, барча сиёсий партиялар номзодларга тенг шароит ва имконият яратилганлигини қайд этди. Айни кунларда номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар, номзодлар иштирокида митинглар ҳамда “Адолат сайли” каби тарғибот тадбирлари ташкил этилаётганлиги, унда партиянинг бошланғич ташкилотлари, фаоллари, хайрихоҳлари ҳам фаол иштирок этаётганлиги айтиб ўтилди.  

Халқаро кузатувчилар партия ташкилоти фаолияти ҳамда сайлов кампаниясининг боришига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд

вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+