Халқаро муносабатларни ривожлантириш тарафдоримиз

22.09.2020 14:09:48

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимидаги маърузаси тарғиботи юзасидан  тадбир бўлиб ўтди. Унда карантин қоидаларига риоя этган ҳолда Қарши шаҳридаги олий ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, фаоллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда инсон ҳуқуқлари жамиятнинг юксак қадриятлари эканлиги, қонун устуворлиги, ҳамма учун ижтимоий адолат мезонларини таъминлаш “адолатчилар”нинг бош мақсади эканлиги эътироф этилди.

Миллат тақдири ҳал этилаётган бир вақтда, айнан халқ ичидан юксак масъулиятни ўз зиммасига оладиган жамият етакчиси, сарбони пайдо бўлади. Айнан улар халқнинг бошини қовуштириб, оғир, мураккаб қарорларни қабул қилиш ва уларни қанчалик мушкул бўлмасин, ижросини таъминлаш вазифасини ўз зиммаларига олмоқлари лозим. Бу эса миллат сардоридан қаҳрамонлик, чуқур идрок, сиёсий ирода, мардликни талаб этади. 

-Ҳаммамиз биламизки, тарихда иккита Ренессанс даври бўлган,-деди тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мухаббат Шаропова.-  Биринчиси 9-12 асрларда, кейингиси Темурийлар сулоласи билан боғлиқ бўлган. Ана шу даврларда айнан ўлкамизнинг  дунёдаги  мавқеи жуда баланд давлат эди. Чунки унинг сиёсий, ҳарбий, илмий салоҳияти билан ўша даврлардаги ҳеч бир давлат тенглаша олмаган. Президентимиз томонидан илгари сурилган улуғвор мақсадлар Учинчи Ренессанс даврига қадам қўйишимиз, юқори техника, технологияларни, рақамли иқтисодиётни тўла ўзлаштиришимизга  давъат этади.

Мухаббат Шаропова Учинчи Ренессанс даври ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларини янада ривожлантириш ва халқаро миқёсда ўзининг миллий манфаатларини илгари суришга қаратилган сиёсатини изчил давом эттиришини белгилаб олиниши зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз маърузасида илгари сурилган устувор вазифалар ҳақида халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Чамангул Муҳаммадиева, партиянинг Аёллар қаноти етакчиси Азима Зайнуддинова, Қарши давлат университети ўқитувчиси, партия фаоли Назира Азизова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек,давлатимиз раҳбари маърузасида алоҳида эътироф этилган таълимга оид фикрлар партиямиз сайловолди дастурида илгари сурилган “Биз квоталарсиз олий таълим тарафдоримиз!” ғоясига ҳамоҳанг эканлиги  билан ҳам аҳамиятлидир.

Олий Мажлисга Президентимиз Мурожаатномасида ҳамда истиқлолнинг 29 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишларда ҳурматли Юртбошимиз хотин-қизлар таълимига, билим олиши ва касб эгаллашига катта эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтган эдилар. Шу нуқтаи назардан, аёлларнинг барча йўналишдаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни олий таълимга янада кўпроқ қамраб олишга жиддий эътибор бериляпти.  Давлатимиз раҳбарининг “2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори кўплаб оилаларнинг қизларини шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қизлар учун қўшимча 4 фоиз давлат гранти ажратилиши белгиланди.  Шунингдек, давлатимиз раҳбари  томонидан пандемия  даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли  қатламларини  моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.  Кўрилаётган  бу чора-тадбирлар  туфайли хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Натижада кўпгина  оилаларда барқарор даромад  манбаи яратилди.

Бугун бўлиб ўтган тадбирда маъруза юзасидан мутахассислар иштирокчиларга кенг тушунчалар бериб ўтдилар.                                                                                                                                                                                  Гулноза РАДЖАБОВА,

                                                         Дилрабо ЧОРИЕВА,

                                                    Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+