Халқимиз ишончи биз учун юксак масъулият

05.08.2020 18:08:35

Мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш орқали халқимиз генофондини мустаҳкамлашга эришиш мумкин. Буни Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг ҳар бир аъзоси чуқур англаган ҳолда, дастлабки ярим йиллик фаолияти давомида ушбу масалаларга алоҳида аҳамият қаратди. Бинобарин, бутун дунёда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда аҳолимиз ҳаёти ва соғлиғини асраш нафақат тиббиёт ходимларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасига айланди.

Асосий фаолият йўналишларимиздан бири бўлган қонун ижодкорлиги борасида ўтган даврда қўмита бевосита 6 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борди. Улардан 3 таси қабул қилинди. Хусусан, дори воситаларини, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи воситаларни рецепт бўйича реализация қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун, аҳолимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида барчанинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, кам учрайдиган (орфан) касалликларини диагностика қилиш ва даволашда фойдаланиладиган тиббий буюмларни, шу жумладан, фавқулодда эпидемиологик вазиятларда қўлланиладиган дори воситалари, тиббий буюм ва ускуналарни импорт қилиш механизмини соддалаштиришга қаратилган қонуннинг қабул қилиниши ўз вақтида кўрилган чора бўлди.

Ҳисобот даврида қўмита аъзолари “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиб, палата муҳокамасига олиб чиқишди. Мазкур ҳужжат қуйи палатада қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун юборилди.

Ҳозирги кунда қўмита томонидан “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунни бугунги кун талаблари доирасида такомиллаштириш ва янги таҳрирда қабул қилиш борасидаги ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам қўмитамиз диққат марказида бўлди. Ўтган давр мобайнида қўмита мажлисида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б. Юсупалиевнинг “Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш аҳволи: муаммолар ва унинг ҳуқуқий асослари” мавзуидаги ахбороти эшитилди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин чора-тадбирларига риоя этилиши, мазкур шароитда аҳолимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда тиббиёт ходимларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорларнинг жойларда ижро этилиши ҳолати бевосита ўрганилди. Ўрганиш якунлари қуйи палата Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б. Норқобиловга парламент сўрови ҳамда қўмита аъзолари томонидан 6 та депутат сўровлари юборилди.

Таъкидлаш лозимки, қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласига ҳам ўта масъулият билан ёндашмоқдалар. Хусусан, 6 ой давомида бевосита қўмитанинг ўзига жами 315 та мурожаат келиб тушди ва қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди, уларнинг 188 тасига ижобий ечим топилди. Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, кейинги пайтларда мурожаатлар орасида таклифлар сони кўпаймоқда. Жумладан, қўмитага йўлланган мурожаатлардан 248 таси аризалар, 53 таси шикоятлар бўлса, 14 таси таклифлардир. Ушбу таклифлар қўмита томонидан атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди ҳамда улардан 4 таси норма ижодкорлиги жараёнида инобатга олинди.

Ўтган даврда қўмита аъзолари томонидан 100 нафардан зиёд жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабули ташкил қилинди. Уларда 134 та масала кўтарилди. Кўтарилган масала ва муаммолардан 78 тасига ижобий ечим топилди, 56 таси ваколат доирасида кўриб чиқилиши учун тегишли давлат органларига юборилди.

Сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан унумли фойдаланилиб, масофавий ишлашни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳисобот даврида қўмита аъзолари ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда онлайн мулоқотлар орқали сайловчилардан 35 та мурожаат қабул қилиб олишди. Улардан 21 таси ўрнатилган тартибда ҳал этилди, 14 тасини ҳал қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг натижалари, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик муҳим ўринга эга. Ўтган давр давомида қўмита фаолияти ва унинг масъуллигида қабул қилинган қонунлар юзасидан ОАВда жами 1424 та чиқишлар қилинди.

Умуман олганда, депутатлик фаолиятимизнинг дастлабки 6 ойи давомида қўмитамиз томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Бироқ, олдимизда бажарилиши лозим бўлган бундан-да, салмоқли ишлар турибди. Шундай экан, қўмитамизнинг ҳар бир аъзоси мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишга, тиббий хизматларни аҳолимизга яқинлаштириш ҳамда уларнинг сифатини юксалтиришга қаратилган қонунларни қабул қилишда бор куч ва билимларини сафарбар этади. Зеро, халқимиз ишончи биз учун юксак масъулият.

 

Елена БОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+