Халқимиз манфаатларини ўзида акс эттирган Давлат дастури

06.03.2020 19:03:01

Куни кеча Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида ечимини кутаётган долзарб вазифалар қаторида давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Ёшлар сиёсати масаласида олий таълимга қабул квоталарини кенгайтириш масаласи кўтарилган ва буларнинг барчаси кўп йиллардан бери халқимизни ўйлантириб келаётган масалалар эди. Қабул қилинган Давлат дастурида мазкур масалалар ўз ечимини топди.

2020 йилги Давлат дастури 284та банддан иборат. Уни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Президентининг шу йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган асосий ғоялар ва таклифлар, шунингдек Стратегиядаги муҳим вазифалар эътиборга олинган. Бундан ташқари, ҳужжатнинг умумий муҳокамаси доирасида фуқаролар, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, бизнес ҳамжамияти, шунингдек бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва мунозаралар ўтказилди.

Бу йилги Давлат дастури лойиҳаси 2020 йил 11-20 февраль кунлари жамоатчилик муҳокамаси учун 2020.strategy.uz ва regulation.gov.uz веб-порталларига жойлаштирилган эди. Давлат дастури лойиҳаси 320та банддан иборат бўлган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилганди. Унинг доирасида жами қиймати 17,5 трлн. сўм ва 9,6 млрд. долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, фуқаролар таклифлари асосида қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Муҳокама жараёнида аҳолидан 3 162 та таклиф келиб тушди.

Таклифлар бўйича ўтказилган муҳокамалар якунига кўра, лойиҳага жами 62 та концептуал ва 30 дан ортиқ таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, Давлат дастурида халқимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларнинг ўрин олгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқни рози қилиш тамойили асосида олиб борилаётган ишлар янада жадаллашаётганининг амалдаги ифодаси бўлди. Ҳужжатга кўра умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳалар тасдиқланмоқда.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Президенти фармонида келтирилишича, 2020 йил 1 апрелдан Тошкентда доимий пропискасиз уй сотиб олиш мумкин бўлади. Бу йиллар давомида ечилмай келаётган муаммо эди. Айниқса, республика марказида яшаш истагидаги ва хизмат билан боғлиқ ҳолда у ерда яшовчиларни тўсиқлар қийнарди. Ушбу муаммо ҳам давлат дастурида ўз аксини топди. Жорий йилнинг 1 апрелидан фуқароларимизнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан уй-жой сотиб олишларида қўйиладиган ҳар қандай тақиқ бекор қилинди. Шунингдек, Давлат дастурига кўра, 2020 йил 1 апрелдан 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён доимий истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда бериш амалиёти жорий қилинмоқда.

Партиямиз дастуридан ўрин олган коррупцияга қарши курашиш масаласи хам давлат дастурида ўз аксини топди. 2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашиш буйича мустақил органни тузиш ишлари якунига етказилади. Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади,  “Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилади. маҳаллий  IT-технологиялари бозори салоҳияти оширилади, давлат маълумотларини бошқариш тизими яратилади.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янгича давлат бошқарувини шакллантиради. Давлат бошқаруви самарадорлигини оширади, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

Биз депутатлар, партиямиз фаоллари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлатни дастурини кенг жамоатчиликка етказиш ва ижросини таъминлашда ташаббускор бўлишимиз керак.

 

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари

Қибрай туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+