Халқни ҳис қилмоқ учун халқ бўлмоқ керак

10.11.2020 16:11:00

Яқинда соғлиқни сақлаш тизими бўйича ўтказилган видеоселекторда мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу бўйича олдимизда жуда кўплаб муаммолар турганлигини тан олишимиз керак.

Дарҳақиқат, ҚВП (Қишлоқ врачлик пункти) ва (ОП) оилавий поликлиникаларнинг ўрни, қадр-қиммати, халқ ичидаги обрўси кучли эмас ёки ўта даражада заиф бўлиб бормоқда. Негаки, бирор касаллик билан оғриган бемор аввало, бу масканларга эмас, юқори турувчи шифохонларга мурожаат қилишади. Сабаби эса оддий. Малакали шифокорларнинг етишмаслиги ҳамда моддий-техник базасининг етарли даражада эмаслиги одамларни ўз жойидаги шифо маскани туриб, узоқ-узоқ жойларга, марказ шифохоналарига боришга мажбур этмоқда. Ёинки тизимда таъмагирлик ҳолатларининг учраши ҳам фуқаролар ишончи суистеъмол бўлишига олиб келмоқда. Оддий бир мисол, ўз яшаш жойингиздаги поликлиника ёки ҚВПларга мурожаат қилиб борсангиз, турли ҳил коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келасиз. Давлат томонидан бепул бериладиган дори-дармонларнинг аҳолига пулланиши, айрим шифокорларнинг беморга кўрсатган хизмати учун қўл ҳақи талаб қилиши – бу каби ҳолатлар, ўйлайманки, тизимнинг ич-ичидан емирилишга сабаб бўлмоқда. Токи бу каби ҳолатлар тугамас экан, соҳанинг олдинга қараб ўсишида оқсашлар кузатилаверади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам ўз ҳудудидаги соҳа бўйича амалга оширилаётган ишларни диққат-эътиборида тутмоғи лозим. Касаллари бор хонадонлар, айниқса шундай оилаларнинг моддий кўмакка эхтиёжманд қатламлари шифохоналар эшиги олдида навбатда туриб, овораи сарсон бўлишларини дилдан ҳис этсаларгина юзага келиши мумкин бўлган кўплаб муаммолар олди олинади.

Таъкидлаш ўринлики, соҳага давлат даражасида етарлича эътибор қаратилмоқда. Хатто, жорий йил давлат бюджетининг аксарият қисми соғлиқни сақлаш тизими учун сарф бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бироқ қабул қилинаётган қарорлар, қонун ва фармойишлар ижросининг жойига етиб бормаслиги ёки амалда бажарилмаслиги туфайли кўплаб тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Албатта, айрим раҳбар ва мутасаддиларнинг масъулиятсизлик ва ўз ишига совуққонлиги туфайли тизимнинг орқага қараб кетишига замин яратилмоқда. Бу йилни “рақамли иқтисодиёт” йили дедик. Аммо бу кетишда ҳали бери соҳага рақамлаштиришни олиб киришни удда қилолмаймиз, чоғи. Чунки ўз қорнини ўйлайдиган раҳбарлар соҳа ривожи, халқ мушкулини осон қилишдан кўра, “уйим-жойимни тўғрилаб олай, роҳат-фароғатда яшай” деб фақат ўз ғамини ейишдан бошқани билмайди. Ваҳоланки, унга ишонилган мансаб халқ ишончи устига қурилиши лозимлигини улар тушуниши керак. Бу биргина  соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар эмас. Атрофимизда бу каби ҳолатларга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Демоқчиманки, инсон фақат ўз манфаати йўлидан бормасдан ўзгалар дард-у ташвишини ҳам яхши англаса, ватанпарварлик ҳиссини дилига жо қилса олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар ўз мевасини беради, албатта.

Ҳусниддин ЭРГАШЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+