Халқнинг дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг

07.12.2020 19:12:09

Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгаши депутатлари А.Қурбонов,  С.Ахмедов, Ж.Бурибеков, О.Эргашева, Ш.Мирзакаримовлар туманда жойлашган мусиқа ва санъат мактабида Конституциямиз  қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этишди.

Тадбир аввалида Халқ депутатлари Оқўрғон тумани Кенгаши депутати Алишер Қурбонов сўз олди.

– Ҳар бир инсон Конституция нима эканлигини, унинг мазмун-моҳиятини, бошқа қонунлардан нимаси билан фарқ қилишини, унда белгиланган қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлигини билиши ва тушуниши керак. Ахир жамиятда, давлатда, одамлар орасида яшаб, унинг асосий қонунини билмаслик ва унга бўйсунмаслик мумкин эмас, –  деди Алишер Қурбонов. – Конституцияга биноан шахснинг қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилинади, уни камситишга ҳеч нарса асос бўлолмайди; ҳар ким соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга; ҳар ким таълим олиш, маданий ҳаётда иштирок этиш, маданий муассасалардан ва маданий қадриятлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва ҳоказо. Конституциямизнинг ҳар бир моддаси халқ иродасини ифода этиб, инсонпарварлик, халқчиллик, адолат, ҳақиқат, тенглик, озодлик, тинчтотув яшаш каби ғоялар билан суғорилган ва замонавий демократия  талабларига, халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла жавоб беради.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  “Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси — Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди”.

Дарҳақиқат, Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, аждодларимизнинг унда мужассам бўлган буюк мероси ва умуминсоний қадриятларини ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Таъкидланганидек, маънавий бой ва ахлоқан етук, интеллектуал ривожланган ва юқори билимли, жисмонан бақувват ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантириш миллий истиқлол сиёсатининг узвий қисми ҳисобланади. Ҳозирги замонда айнан шундай ёшларгина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Шунинг учун ҳам Президентимиз ана шу омилларнинг барчасини назарда тутиб, Ўзбекистонда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш борасида янги ташаббус ва ғояларни мунтазам илгари суриб келмоқда. Бу ташаббуслар амалда ўз тасдиғини топиб, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани баробарида жаҳон ҳамжамияти эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда. Конституциямизнинг 42-моддасида “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дейилган. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёни изчил ривожланаётгани мисолида ҳам ана шу конституциявий қоиданинг ҳаётимизга нечоғлиқ чуқур татбиқ этилаётганини кўриш, кузатиш кишига ғурур бағишлайди.

Депутатлар  томонидан Конституциямиз  ҳақида билдирилган мана шундай фикр-мулоҳазалар тадбирнинг юқори савияда ўтишига хизмат қилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+