Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам

24.09.2020 18:09:54

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқини жуда ҳаяжон билан тингладим.            

Президентимизнинг юксак минбардан туриб, ўзбек тилида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан билдирган муҳим ташаббуслари ўз аҳамияти жиҳатидан жаҳон ҳамжамиятининг катта эътибори ва эътирофига сазовор бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти халқаро ҳамжамиятнинг эътиборига ўзининг минтақавий ва глобал қарашларини тақдим этди. Мамалакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан модернизация қилиш йўли, бундан кейинги қадамлари ҳақида сўзлаб берди. Президентимиз ўз маърузасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, минтақавий ва глобал даражада конструктив мулоқотни жадаллаштириш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш ва албатта, бугунги кундаги муаммолар, таҳдидларни бартараф қилиш, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва қашшоқликни камайтиришга оид бир қанча ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатимиз ушбу соҳаларнинг деярли барчасида БМТ билан ҳамкорлик қиляпти. Давлатимиз раҳбарияти глобал масалаларни ҳал этишда кўп томонлама ёндашувлар тарафдори эканлиги, яқинда қабул қилинган - миллий минтақавий ва глобал даражада БМТ тизими билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлаш мажбуриятини олган ҳаракат режасида ўз аксини топгани таҳсинга сазовор. Ушбу йўл харитаси мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасидаги таклифларнинг барчаси ҳам амалий таклиф ва мулоҳазалар эди.

Зеро, бундан роппа-роса уч йил олдин давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли минбардан туриб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг аксарияти ҳозирга қадар амалга ошганини таъкидлаш кифоя.

БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуслар келгусида Республикамизда қилинаётган ва қилиниши керак бўлган ишлар тизимининг сарҳисобидир. Энг аввало, мамлакатимизда ёшларга эътибор қилинаётганлиги айниқса, жуда катта резонанс бўлди, десак янглишмайман. Чунки, 72-сессиядаги ташаббуслардан бири - Инсон ҳуқуқлари  тўғрисидаги Ёшлар Конвенцияси лойиҳасининг муҳокамаси айни пайтда жадал равишда олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йил август ойидаги Самарқанд форумида бутун бир дунё ҳамжамияти билан биргаликда мазкур лойиҳанинг муҳокама қилиниши ва дунёдаги 2 миллиардга яқин ёшларни ўзига қамраб оладиган ушбу тарихий ҳужжат Ўзбекистон ташаббуси билан бўлаётганлиги барчамизда фахр-ифтихор уйғотади.

Президентимиз 75-сессиядаги қилган маърузасида жорий йилда Ёшлар парламенти ташкил этилганлигини таъкидлади. Бу эса юртимиз ёшларига билдирилган катта ишончдан дарак беради.

Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда бутун дунё мамлакатлари учун тааллуқли долзарб ташаббусларни илгари сурганлиги нафақат юртимизда, балки халқаро даражадаги экспертлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш борасидаги таклифи ниҳоятда ўринлидир. Қайси маънодаки, аҳоли камбағаллиги – дунёнинг деярли барча давлатларида мавжуд. Шу маънода камбағалликка қарши курашиш глобал вазифага айланмоқда. Ҳар бир давлат камбағаллик билан ўз дастури асосида курашиб келмоқда. Давлатлар ва иқтисодиётлар ўртасида фаол муносабатлар ўрнатилмаса, бир давлат доирасида камбағалликка қарши самарали курашиш қийин кечади. Чунки бугун иқтисодиётлар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган, улар ўзаро айри ҳолатда барқарор ривожлана олмайди. Бу масалага халқаро миқёсида аҳамият қаратиш, жаҳон мамлакатларининг бутун куч ва имкониятларини БМТ атрофида бирлаштириш ушбу муаммони ечишга хизмат қилади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари нуфузли минбардан туриб бутун дунё ҳамжамиятига қарата инсониятнинг фаровонликка эришуви ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлишини, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши кераклигини таъкидлади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясидаги нутқи ҳамда илгари сурган ташаббуслари мамлакатимиз тарихида янги ва ёрқин саҳифа бўлди.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+