Ҳамкорликнинг янги босқичи

23.09.2019 21:09:18

Яқинда Россия федерал Давлат думаси раиси иштирокидаги делегация расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Унда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алмашинувлари ва янги истиқболли режалар ҳақида суҳбатлашилди.

Мазкур ташриф доирасида парламентлараро ҳамкорлик битимлари, назаримда, алоқаларимизда аввалги ёндашувларга янгича мазмун беради. Сиёсий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишини таъминлайди, қонун ижодкорлиги фаолиятининг турли масалалари бўйича яқин шерикликни йўлга қўяди. Ўз навбатида бу сиёсий шериклик қолган соҳалар: инвестиция, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, илм-фан, маданият соҳаларининг ҳам  ривожига бевосита таъсир кўрсатади. Келишувлар икки давлат манфаатларини ҳам ўзида бирдай акс эттириб, ривожланиш истиқболларига йўл очади.

Айниқса, мамлакатимизда инвестиция ва кооперацион соҳаларда жадаллик билан ишлар олиб борилаётган бугунги кунда мазкур сиёсий ҳамкорлик айни муддаодир. Чунки, ҳар қандай соҳани ривожлантириш янги-янги қонунларнинг ишлаб чиқилиши, сиёсий принципларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Мамлакат қон томири бўлган иқтисодиётнинг ривожланиши ҳам шунга бориб тақалади. Аграр тузилмаларни саноатга йўналтириш, саноатлашган жамиятни тўла қарор топтириш учун чет мамлакатлар билан тузилган ҳамкорлик битимлари яхши омил саналади. Инвестиция бўйича алоқалар эса тараққиётнинг муҳим босқичидир. Биламизки, аксарият ривожланган давлатлар тарихига назар соладиган бўлсак, четдан сармоя жалб этиш ўша мамлакатнинг фақат ва фақат олдинга ўсишини таъминлаган. Республикамизда бу борада тизимли ишларнинг йўлга қўйилаётгани эса истиқбол режаларининг узоқни кўзлаб амалга оширилаётганидан далолатдир.

Сўнгги йилларда юртимизнинг илм-фан, маданият, спорт соҳаларидаги ютуқлари бир неча баробар олдинга силжиганига гувоҳмиз. Шулардан келиб чиқиб, соҳаларни янада ривожлантириш бўйича хориж мамлакатлари билан доимий алоқаларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш муҳим жараёндир.  Охирги даврда мамлакатимизда хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари кўплаб очилди. Юртимиз ёшлари дунёнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида Ватанда туриб ўқиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Шунингдек, Россиянинг бир қанча олийгоҳлари филиаллари тузилмаси  ҳам кейинги пайтда мамлакатимизда кўплаб ташкил этилмоқда. Бунга эътибор кучаймоқда. Делегация ташрифи чоғида ушбу йўналишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича сиёсий соҳада янги тизимлар ишлаб чиқилиши, ҳамкорликни  янги босқичга кўтариш ҳақида сўз боргани ва келишувларга эришилгани қувонарлидир.

Ўйлайманки, Россия федерал Давлат думаси иштирокидаги ушбу делегациянинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқалар  ривожланишининг муҳим тамойилларига хизмат қилади.

Валижон ТЎЙЧИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши раис ўринбосари      

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+