Ҳар бир депутат сўрови ортида халқ манфаати ётади

26.07.2020 11:07:59

Мамлакатда турли соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар жараёнида парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини янада ошириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятини кучайтириш бугунги куннинг ҳаётий талабига айланди.

Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини ташкил қилиш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини таъминлашга қаратилган ишлари анча жонланган бўлса-да, бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда.

Улар орасида Халқ депутатлари шаҳар-туман Кенгаши депутатлари  томонидан юборилаётган депутатлик сўровларига айрим ҳолларда мансабдор шахслар томонидан беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдорнинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан муносабат билдирилишига оид муаммолар шулар жумласидандир.

2020 йилнинг январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи таъсис йиғилишида халқ вакилининг сўровига бундай беписандлик Президент томонидан кескин танқид қилинган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборишга ҳақли. Яъни бундан кўринадики, ҳар бир депутат сўровининг ортида авваламбор халқ манфаати туради. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим мансабдор шахслар бундай сўровларга беписандлик билан қараб келмоқдалар. Лекин тан олиш керак, айрим депутатлар томонидан  масаланинг моҳияти тушунилмасдан,  долзарб  ва мавзу жиҳатидан унчалик муҳим бўлмаган  мурожаатлар  асосида депутатлик сўровлари ҳам юборилади.  Бу ўз-ўзидан мутасадди ташкилот вакилларида биз депутатларга нисбатан салбий муносабатни шакллантириши турган гап. Лекин барча баробар эмас.                                             

Мансабдор шахсларнинг депутат сўровига  жавобни депутат сўровини олган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмасдан тақдим этиши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига хизмат қилади. Сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончини ортишини кафолатловчи омиллардан саналади.

Ўтган кунлар мобайнида Халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгашининг навбатдан ташқари ўн биринчи сессиясида ҳам  бу масала кўтарилди. Сессия кун тартибига Адолат СДП депутатлик гуруҳи томонидан “Тумандаги мансабдор шахслар Халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгаши депутатлари томонидан юборилган депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб қайтаришлари ҳамда бу борада ишларга маъсулият билан ёндашишлари” тўғрисида масала киритилди. Қолаверса,  Олий Мажлис  Қонунчилик палатасининг  жорий йил 23 июнь куни  бўлиб ўтган мажлисида  ҳам  парламент, депутат ва сенатор  сўровига  мансабдор шахснинг ўзи жавоб бериши  лозимлиги хусусида  қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

Албатта, мамлакатимизда ҳукм сураётган вазиятни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, карантин пайтида ҳам фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.  Ва уларнинг  манфаатларини  таъминлаш,  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида  депутатлик сўровлари юбориляпти.  Бу давр барчамиз учун синовли эканлигини унутмаган ҳолда  фуқароларнинг умидини сўндирмаслик учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз, мурожаатларга масъулият билан ёндошишимиз мақсадга мувофиқдир. 

 

Лазиз ТУРАНОВ,

Халқ  депутатлари Учкўприк туман

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+