Ҳар бир ҳаракат – инсон манфаатлари учун

18.12.2020 21:12:26

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси  билан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ билан ҳамкорликда партиянинг “Юрт ободлигига даҳлдормиз” лойиҳаси доирасида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ шаҳар филиалида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши аъзолари, комбинат ишчи-ходимлари, партия фаоллари ва хайрихоҳлар, шунингдек, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоаси вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов кириш сўзи билан очиб берар экан, ҳудудда  партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган  ишлар, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш  борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Очиқ ва самимий суҳбат тарзида ўтган тадбирда санъаткорлар йиғилганларга бугунги кунда юртимизда маданият ва санъат, хусусан,  театр санъатига берилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик ҳақида сўз борди. Тадбирда саҳна асарларидан парчалар ва турли бадиий чиқишлар намойиш этилди.

Жонибек Алижонов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ катта инспектори:

-Ҳар сафар хайрли режалар асосида  ўтказиладиган партия тадбирлари корхона ишчи-хизматчилари учун унутилмас воқеаларга бой бўлади десак муболаға эмас. Айниқса, санъаткорлар ташрифи, улар томонидан ўтказиладиган маданий – маърифий тадбирлар алоҳида мақтовга лойиқ. Энг муҳими, бундай тадбирлар меҳнат самарадорлигининг ошишида, жамоанинг маънавий озиқ олишида бениҳоя зарур.

Тадбир сўнгида корхонада фаолият олиб бораётган юзга яқин нафар ишчи-ходим партия аъзолигига қабул қилинди.

Ижодий учрашув якунида партиянинг фаол аъзоларига эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Оҳангарон тумани “Қуюн” маҳалласида “Хотин-қизларларга эътибор – ижтимоий барқарорликнинг муҳим омили” мавзусида учрашув ўтказди. Унда маҳалланинг аёллар масалалари бўйича маслаҳатчилари, руҳшунос-психологлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир якунида мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган эҳтиёжманд  ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга партия фаоллари, депутатлар  томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва  кийим-кечаклар тарқатилди.

 

Саида Раджапова, “Қуюн” МФЙ фуқароси:

-Партия вакилларининг ҳар бир хонадонга кириб, оилалар билан суҳбатда бўлиши, уларнинг ҳолидан хабар олиши, оғирини енгил қилишга бел боғлашгани қувонарлидир. Ишчи гуруҳ ташаббуси билан маҳаллаларимизда яшовчи кам таъминланган, кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган 20 га яқин оилаларга  партия фаоллари  томонидан  озиқ-овқат ва кийим-кечаклар тарқатилди. Биз уларга чин кўнгилдан ташаккур деймиз. 

Шу куннинг ўзида ишчи гуруҳ аъзолари вилоятининг Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги кундаги ҳолати юзасидан  фаолият олиб бораётган саломатлигимиз посбонлари билан давра суҳбати ўтказишди.

Муҳокамалар давомида соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ аҳамият бериш таклифи илгари сурилди.  Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+