Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади

25.11.2020 19:11:21

Бугунги пандемия даврида ҳар бир соҳанинг мутасадди вакиллари қатори маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳам ўз фаолиятини замон билан ҳамнафас ҳолда олиб бориши, халқимиз турмушида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига ўз позициясини баён этиш талаби билан  таклифлар орқали чиқиши муаммоларни изчил бартараф этиш заруриятини  юзага келтирмоқда.

Ана шундай шароитда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатларнинг ҳам ҳар жиҳатдан фаол ва ташаббускор бўлишлари ҳамда ўз фаолиятини партиянинг Устави ва сайловолди дастури асосида олиб бориши, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишларида  муҳим аҳамият касб этади.     

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва мурожаатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шу мақсадда партия депутатлик гуруҳи томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилаётганлиги аҳамиятга молик. Жумладан мазкур депутатлик гуруҳи томонидан пандемия даврида юзга яқин оилага ҳомийларни жалб қилган ҳолда моддий ёрдам кўрсатилди. Шу билан биргаликда 58 нафар фуқароларга ўз соғлиқларини тиклаш учун дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғалар тарқатилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан фуқаролардан келиб тушган 50 га яқин мурожаатлар асосида тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушунтириш бериш ёки ўз позициясини баён қилиш талаби билан 30 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилган. Хусусан, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Офтобой Нишонова томонидан  Жиззах  шаҳар “Сувоқава” давлат унитар корхонасига шаҳардаги “Олмазор” маҳалласи ҳудудида жойлашган Р.Исаев кўчасидаги 39, 37, 26 кўп қаватли уйлардан чиқаётган оқава сув тизимини яхшилаш тўғрисида, Жиззах шаҳар электр тармоқлари корхонасига “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Сарбон, Жайронли, Тамагузар кўчаларидаги янги қурилган  хонадонларнинг  электр таъминотини яхшилаш борасидаги ишлари шулар жумласидандир. Кўтарилган масалалар тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, ижобий ҳал этилишига эришилди. Шу билан биргаликда, депутат О.Нишонова “Олмазор” МФЙда истиқомат қилувчи
6 нафар фуқаролар томонидан моддий ёрдам ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати асосида МФЙ раисига депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди. Мазкур депутатлик сўровида кўрсатиб ўтилган масала фуқаролар йиғини ҳузуридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, ушбу фуқароларга белгиланган тартибда моддий ёрдам тайинланди.

Депутат О.Нишонова кўмаги билан партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 7 нафар уюшмаган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар Жиззах “Текстил” МЧЖ хорижий корхонасига, қолаверса 2 нафари ўз мутахассисликлари бўйича мактабгача таълим муассасаларига тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси вазифаларига ишга жойлаштирилди.

Қолаверса, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Нурзода Каримова томонидан Жиззах шаҳридаги “Сайилжой” МФЙда истиқомат қилувчи фуқароларининг маҳалла ҳудудида мактаб биноси йўқлиги сабабли қилган мурожаатига асосан Жиззах шаҳар Халқ таълими бўлимига “Сайилжой” МФЙ ҳудудидаги Жиззах Енгил Саноат касб-ҳунар коллежининг бир қисмини мактаб биносига айлантириш юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Депутатлик сўрови чиқарилишидан кўзланган мақсад шуки “Сайилжой” МФЙда 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 490 га яқин мактаб ёшидаги фарзандлари мазкур МФЙ ҳудудида умумтаълим мактаб биноси йўқлиги сабабли таҳсил олиш учун “Қипчоқ” МФЙдаги 9-сонли умумтаълим мактабига, “Заргарлик” МФЙ ҳудудидаги 19-сонли умумтаълим мактабига, “Тошлоқ” МФЙ худудидаги 6-сонли умумтаълим мактабига  боришга мажбур бўлишмоқда. Бошланғич синф ёшидаги болажонларнинг уйларидан 2-3 км. узоқда жойлашган таълим муассасаларига боришларини ҳамда автомобил серқатнов бўлган марказий кўчаларни кесиб ўтишларини ҳисобга оладиган бўлсак, уларнинг ота-оналарини қийнаётган ташвишли ҳолатни тушунсак бўлади. Бу ҳолат айниқса, ҳозирги куз-қиш мавсумининг қор-ёмғирли кунларида ўқувчиларнинг мактабга бориб келишларида янада кўпроқ қийинчиликларни юзага келтиради. Юқоридаги муаммолар ва “Сайилжой” МФЙ аҳолисининг мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, мазкур масаланинг ҳал этилиши Жиззах шаҳрининг 2021 йилги Давлат дастури режасига  киритилди ҳамда ижроси депутатлар томонидан назоратга олинди.

- Жиззах шаҳар Кенгаши аъзолари билан бирга депутатларимизнинг сиёсий билим ва тажрибаларини ўстиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб
келмоқдамиз - дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Н.Каримова. - Ахоли орасида партиямизга ҳайриҳох бўлган фуқароларимиз сафини янада кенгайтириш, қолаверса, ёш кадрларни иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда ижтимоий адолат тамойилларини амалга ошириш юзасидан бошлаган амалий ишларимизни давом эттириш олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бугунги давр ҳар бир депутатдан ўз фаолиятини тубдан ўзгартириб, партиянинг Устави ва сайловолди Дастури асосида иш олиб бориши, сайловчиларнинг манфаатларини доимо ҳимоя қилиши, халқ дарди билан яшашини талаб этар экан, бу эса келгусида депутатлардан янада фаоллик ва ташаббускорликни, қолаверса, халқ манфаати йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солишини талаб этади. Зеро, депутатларимиз қанчалик фидойилик билан фаолият олиб борса, шундагина биз кўзлаган натижани қўлга киритамиз. Бу эса партиямизнинг аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида мавқеининг ортиши, партия хайрихоҳларининг кўпайишига замин яратади.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+